Норуда материалларни қазиб олиш бўйича мораторий татбиқ этилган ҳудудлар чегараси белгиланди
Жамият
−
14 Сентябрь
1748Норуда материалларни қазиб олиш бўйича мораторий татбиқ этилган ҳудудларнинг чегаралари белгиланди. Бу ҳақда жорий йилнинг 12 сентябрь куни қабул қилинган ҳукумат қарорида сўз боради.
Қарор билан Чирчиқ, Сирдарё, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этиладиган ҳудудлар чегаралари тасдиқланди. Бунда мораторий татбиқ этиладиган дарёлар ҳудудлари чегараларига дарё ўзанлари, уларнинг соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналари киради.
Тегишли ташкилот ва ҳокимликлар:
- дарёларнинг мораторий татбиқ этилиши белгиланган ҳудудларида дарё ўзанларини тозалаш ва норуда материалларини қазиб олиш ишлари тўхтатилишини қатъий назоратга олади;
- дарё ўзани, соҳилбўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни ноқонуний қазиб олишнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари кучайтирилади ҳамда жорий қилинган мораторийни бузишга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилишини таъминлайди.
Дарёларнинг мораторий татбиқ этилиши белгиланган ҳудудларда жойлашган қум-шағал қазиб олувчи ҳамда қайта ишловчи тадбиркорлар тоғ ва тоғолди ҳудудларга ёки ушбу ҳудудларнинг яқинида жойлашган кичик саноат зоналарига кўчириш чоралари кўрилади.
Кўчирилаётган тадбиркорларга норуда материалларини ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи “Э-аукцион” орқали расмийлаштириб берилади.
Маълумот учун, Президент фармонига мувофиқ, юқоридаги дарёлар ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган.
LiveБарчаси