Норбоева Ўзбекистонда одам савдоси бўйича жиноятлар яширилаётганини айтмоқда

Жамият

Ер юзида ҳар йили 2,7 миллион киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Aфсуски, Ўзбекистонда ҳам буни пул топиш манбаига айлантириб олиб, “бизнес” даражасига кўтараётганлар йўқ эмас. 24 март куни бўлиб ўтган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон фуқароларининг чет элга сотиб юборилиши, аёллардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш, эркакларни турли жисмоний меҳнатларга мажбурлаш ва Ресбуплика ҳудудида чақалоқларни бегона шахсларга пуллаш каби ҳолатлар муҳокама марказида бўлди.

Aнжуман давомида аслида одам савдоси энг оғир жиноятлар қаторига кириши ва шунинг учун ҳам ушбу жиноятни содир этган шахсларга нисбатан оғирроқ жазо чораларини қўллаш кераклиги таъкидланди. Хўш, бугун жамият бундай масалалар борасида қанчалик уйғоқ. Атрофимиздаги воқеаликлардан қай даражада хабардормиз? Бугун бундай жиноятларни Олий Мажлис Сенати ва Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева айтганидек, "хаспўшла"маяпмизми?

“2020 йилда одам савдоси билан боғлиқ 1029 та мурожаат келиб тушган. Шулардан бор-йўғи 93 таси, яьни 9 фоизи бўйича жиноий иш очилиб, 129 нафар айбдорга нисбатан қонуний чоралар кўрилган. Ушбу рақамлар шуни кўрсатадики, одам савдоси билан боғлиқ салбий ҳолатлар 2019 йилга нисбатан янада камайган. Aслида одам савдоси билан шуғулланган жиноятчиларнинг барчасини жавобгарликка тортиш керак. Қонунни ўзгартирдик, лекин нима учун ҳалигача уларни хаспўшлаяпмиз, мен тушунмаяпман”, дейди Олий Мажлис Сенати ва Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева.

Ўтган йилнинг август ойида  “Одам савдосига қарши кураш” тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, янги таҳрирда ишлаб чиқилган эди. Қонун янгиланди-ю, аммо бир йил мобайнида амалда кўзга кўринарли қандай ишлар амалга оширилди? Ёки барчаси қоғозларда қолиб кетяптими?

Олий Мажлис Сенати ва Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тўлалигича ошкор қилмасдан, уларни “босди-босди” қилган айрим ташкилот раҳбарларини назарда тутиб шундай деди:

“Ўзимизча “жиноятларни камайтирсак, ишимизга 5 баҳо берилади, кейин шу билан мақтанамиз”, деб ўйлаймиз-да. Лекин жиноятни кўрсатиб турган фактлар бор-ку. Шу фактларга таяниб жиноий жавобгарлик ишларини бемалол қўллаш мумкин-ку. Нимага керакли чоралар қўлланмаяпти, кимдан гап эшитишдан қўрқяпмиз? Ҳозир жиноятлар кўпайса, гап эшитадиган замон эмас. Aйни дамда асосий мақсадимиз – бу жиноятларни очиш, уларни яшириш эмас”.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур жиноятлардан жабрланган шахсларнинг 92 нафарига Республика реабилитация маркази томонидан амалий ёрдам кўрсатилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,4 баробарга камайган.

Рўзимурод Бердиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг