“Номерини” бўягани учун 10 “минималка” тўлайдиган бўлди
Жамият
−
29 Октябрь 2019
6320Кеча, 28 октябрь куни соат 22:09 да Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасининг Facebook`даги “ИИББ: Аҳоли билан мулоқот (Тошкент)” гуруҳига пойтахт ҳайдовчиларидан бири автомобилининг давлат рақамини қисман бўяб қўйгани ҳақида хабар келиб тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
Ушбу ўзгартириш сабабли давлат рақам белгилари қоидабузарликларни қайд қилиш автоматлаштирилган камералари томонидан таниб бўлмайдиган ҳолга келган. Хабар дарҳол Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимларига етказилди.
Бугун, 29 октябрь куни соат 10:45 да автомобиль топилди. Бу KIA Optima русумли автомобиль (давлат рақами 01 B 228 EB) бўлиб, унинг ҳайдовчиси 38 ёшли жиззахлик Роман Е. экани маълум бўлди. У автомобилни ишончнома бўйича бошқарган. Форобий кўчасидан топилган автомобилнинг текшируви давомида давлат рақами белгиларига ўзгартириш киритилгани факти аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, ушбу транспорт воситаси жарима майдончасига жойланди.
"Жорий қонунчиликда давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш – энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган", дейилади хабарда.
LiveБарчаси