Номдор битирувчилар ҳомийлигида мактабларда жамғарма ташкил этилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармасини ташкил этиш тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Мазкур қарор билан Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланади. 

Мазкур низом 5 боб, 25 моддадан иборат бўлиб, унинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:

Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида” 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига асосан таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига битирувчилар жамғармаларини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этиш, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитаси тасарруфидаги таълим муассасаларига нисбатан тадбиқ этилмайди.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари таълим муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида (ғазна ижроси билан қамраб олинмаган муассасаларда уларнинг махсус ҳисоб рақамларида) жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.

 2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
ва улардан фойдаланиш тартиби

3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган номдор битирувчиларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;

хайрия берувчилар маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларининг хайр-эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.

4. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларни молиялаштиришга йўналтирилади:

иқтидорли, билимли ўқувчи ва талабаларнинг ўз билимларини янада мустаҳкамлашлари учун зарур бўладиган ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозлар харид қилиш;

аълочи ўқувчи ва талабаларнинг ўз устида ишлашлари ва билимларини мунтазам ривожлантиришга интилишларини моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

ўқувчи ва талабаларнинг туманлар, вилоятлар, республика ва халқаро миқёсда ўтказиладиган (билимлар соҳаси, спорт, маънавий-маърифий ва бошқа тадбирлар) турли мусобақаларда фаол иштирокини таъминлаш;

кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи ўқувчи ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш;

профессор-ўқитувчилар ва ходимлар меҳнатини рағбатлантириш;

ижтимоий фаол ва таълим муассасасида кўп йиллар мобайнида меҳнат қилган профессор-ўқитувчилар ва ходимларни моддий рағбатлантириш;

таълим муассасалари моддий техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан бино ва иншоотларни таъмирлаш, зарур замонавий ўқув ва илмий-лаборатория ускуналари, мебеллар, инвентарлар ҳамда ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозлаш ва бошқа товар-моддий бойликларни харид қилиш;

фаол ўқувчи ва талабалар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини ва уларнинг устоз ва мураббийларини тақдирлаш ва рағбатлантириш;

битирувчилар ва таълим муассасалари ўртасида амалий ва фойдали алоқалар ўрнатилишини таъминлаш учун сарфланадиган бошқа харажатлар.

5. Жамғарма маблағларини мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилмаган мақсадларга йўналтирилишига йўл қўйилмайди.

6. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш таълим муассасалари томонидан  тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

7. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига зарурат бўлганда, йил давомида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш

8. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш таълим муассасалари раҳбарлари раислик қилувчи Жамғармани бошқариш кенгашлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида Кузатув кенгашлари (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

9. Кенгаш таркиби таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади. Кенгаш таркибига таълим муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари, ўқувчи ва талабалар, Ёшлар иттифоқи вакиллари ҳамда мазкур таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган номдор битирувчилар киритилади.

10. Кенгаш мажлиси аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Қарор қабул қилишда овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Кенгаш раиси томонидан ҳал қилувчи қарор қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда таълим муассасаларининг баённома асосида қабул қилинган буйруғи билан амалга оширилади.

11. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда камида бир маротаба, зарурат бўлганда навбатдан ташқари чақирилади.

12. Кенгаш:

Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Ҳар чорак якуни ва ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

13. Жамғарма фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унга таълим муассасаларини битириб, юксак ютуқларга эришган битирувчиларнинг ҳомийлик маблағларини жалб этиш таълим муассасаси номидан амалга оширилади.

14. Таълим муассасасининг ҳисоб-молия бўлинмаси Жамғарманинг Ишчи органи (кейинги ўринларда Ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади ва жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатлар Ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.

15. Ишчи орган қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тузади, шунингдек уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисоб ва ҳисоботини юритади;

ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.

16. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва тасдиқланади.

17. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва бошқа мақсадлар учун олиб қўйилмайди.

18. Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағлари таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг молиявий барқарор ва тўлов қобилияти юқори бўлган банкларини депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин ва олинган фоиз даромадлари мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфланади.

4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
юзасидан ҳисобот ва назорат

19. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида, бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади.

20. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот таълим муассасасининг йил якунлари бўйича ўтказиладиган йиғилишида Кенгаш аъзолари иштирокида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

21. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (иш ва хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари таълим муассасасининг расмий-веб сайтларида эълон қилинади.

22. Ишчи орган Жамғарма маблағларининг қонунийлиги ва мақсадли йўналтирилиши, шунингдек Жамғарма фаолияти бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлари ташкил этилиши учун жавоб беради.

23. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

5-боб. Якуний қоидалар

24. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

25. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Умумтаълим мактаби

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

2.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг