Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилади
Жамият
−
12 Январь 2022
4743Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга ҳар бир ходим учун 6 ойгача базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида ойлик субсидия берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишни рағбатлантиришга оид чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги қарор лойиҳасида сўз борган.
Қарор лойиҳасига кўра, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) – ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида ижтимоий буюртма берилади.
Ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилганлик учун субсидия олиш мақсадида маҳаллий меҳнат органига зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилинади. Мурожаат 3 иш кунида кўриб чиқилади.
LiveБарчаси