“ЗАГС”дан олдин қандай тиббий кўриклардан ўтиш керак?

Саломатлик 6223
image

Оила инсон ҳаётининг асосий бўғинидир. Оила қўрғонини мустаҳкам бўлишини ўйлаб, никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш янги оиланинг мустаҳкамлиги ва туғилажак фарзандларнинг баркамоллигини таъминлайди. 

Никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, роли, йўл-йўриқлари ҳақида Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази директори Шаҳноза Зуфарова маълумот берди.

Таъкидланишича, бўлғуси келин-куёвлар учун тиббий кўрикдан ўтиш бепул ҳисобланади.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, бўлғуси келин-куёвлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад – ирсий ва наслий касалликларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтиришдир. Барча никоҳланувчилар турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Шундан сўнг, тиббий кўрикнинг хулосасига қараб, бўлажак оила вакиллари қарор қабул қилишади”, дейди Шаҳноза Зуфарова.  

Шунингдек, мутахассис никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши қай тартибда амалга оширилиши ҳақида ҳам маълумот берган.

“Никоҳланувчи шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали никоҳни қайд этиш учун ариза берадилар. Шундан сўнг, юборилган аризани ФҲДЁ органлари кўриб чиқиб, никоҳланувчи шахсларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма беради. Йўлланма ҳозирда ФХДЁ органларида қоғоз шаклида никоҳланувчи шахсларнинг қўлига топширилмоқда. Тиббий кўрикдан ўтгандан кейин, никоҳ тузилишига Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида назарда тутилган тўсиқлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ФҲДЁ органлари томонидан никоҳни қайд этиш белгиланган тартибда амалга оширилади”, дейди у.

Таъкидланишича, никоҳланувчи шахсларга қулай бўлиши учун ўзларига яқин бўлган кўп тармоқли поликлиникалар хизматидан фойдаланиши жорий қилинмоқда. 

“2021 йил 1 июндан фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш каби амалиётлар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади”, дейди мутахассис.

У, шунингдек, бўлажак ёш оила қандай тиббий кўриклардан ўтиши ҳақида ҳам маълумот берган.

“Ёшлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида бепул диспансеризациядан, яъни кардиолог, эндокринолог, ревматолог мутахассислари жалб қилинган ҳолда никоҳ олди тиббий кўригидан ўтади ҳамда қўшимча УТТ, ЭКГ, умумий қон таҳлили, қондаги қанд миқдори аниқланади. 

Шунингдек, руҳий касалликлар (шизофрения, эпилепсия, олигофрения) юзасидан текшириш, наркологик касалликлар юзасидан текшириш, захм юзасидан текшириш, сил юзасидан текшириш, ОИВ/ОИТС юзасидан текшириш олиб борилади. Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги натижалари тўғрисида тиббиёт муассасасининг хулосаси маълумотномада акс эттирилади. Маълумотнома тиббиёт муассасасининг муҳри ва раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади”, дейди мутахассис.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 263
Рейтинг: 3
t
×