Ниқоб ва мантиқ. Коронавирус ияк орқали юқиши мумкинми?

Жамият

image

Карантин чораларидан бири сифатида жамоат жойида ниқоб билан юриш белгилаб қўйилганини барча яхши билади. Ниқобсиз юриш нафақат ўзи ва атрофдагиларнинг саломатлиги учун зарур, балки яхшигина жарима тўламаслик учун ҳам ҳимоя бўла олади. Чунки карантин қоидаларини бузганлик учун қонун доирасида жарима қўллаш белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг аксарияти шифо топишни бошлагач, эпидемиологик вазият енгиллашди. Ҳудудлардаги ҳолатга қараб, айрим чекловлар олиб ташланди. Аммо шунда ҳам карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, яъни барча ниқобда бўлиши, масофа сақлаши лозим. Бироқ айрим шахслар ҳавонинг иссиғиданми ёки зерикканиданми, ниқобларини хўжакўрсинга, иякларига, бўйинларига тақиб юришни одат қилди. Мақсад аён – кимдир текширса, ниқоби борми бор, аммо моҳиятан ақлсизлик. Чунки ниқоб тақишдан мақсад, аввало, вирусдан ҳимоя, қолаверса, атрофдагиларнинг ҳам саломатлигини асраш. “Ишқилиб, йўлда тўхтатиб, бошни оғритмаса бўлди”, дея иякка тақиш эмас.

Бугун, 11 май куни АОКА штабида ўтказилган брифингда сўз олган Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков ҳам ушбу масалага атрофлича тўхталиб ўтди.

“Билиб қўйинг, коронавирус организмга иягингиз ва бўйнингиз орқали юқмайди.

Коронавирус организмга бурун, оғиз ва кўз шиллиқ пардаси орқали киради ва ривожланади. Дока ниқоб билан буруннинг, оғизнинг, бир пайтнинг ўзида иккаласининг ёпилмагани коронавирус қўзғатувчисининг  организмга киришига йўл очиб беради”, деди Нурмат Отабеков.

Унинг таъкидлашича, дока ниқобни тўғри тақиб юрган шахс, ниқобни нотўғри тақиб юрган одамга, албатта, эътироз билдириши шарт.

“Негаки, ушбу шахс нафақат ўзининг, балки, сизнинг саломатлигингизга ҳам хавф солади. Унинг эса бунга ҳақи йўқ”, дея изоҳ берди Нурмат Отабеков.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг