Ниғматилла Йўлдошев прокурорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъминоти бўйича жавобгарлик юклади
Жамият
−
30 Август 2020
5759Кеча, 29 август куни Бош прокурор раҳбарлигида Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ҳудудий прокурорлар иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга доир чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш, мазкур соҳада мавжуд амалиёт ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Пандемия билан боғлиқ мураккаб ва синовли даврда аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз етказиб берилишини, бозорларда маҳсулотлар хилма-хиллиги ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш вазифасига прокуратура органларининг энг асосий куч ва воситаларини жалб этиш белгиланди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишларининг ташкил этилиши аҳволини ўрганиш бўйича Бош прокуратура ва Департамент ходимларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳ олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Хусусан, ишчи гуруҳ аъзоларига ҳудудий прокуратура органлари билан биргаликда қисқа муддатда барча ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ташкил этиш борасида мавжуд амалиёт ва муаммоларни чуқур таҳлил қилиш топширилди.
Бош прокуратурада ташкил этилган Штабга эса, ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари билан биргаликда аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш юклатилди.
Шунингдек, йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар, бу соҳада мутасадди идоралар масъулиятини ошириш ҳамда қатъий назорат тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан ҳудудий прокурорларнинг тушунтиришлари, таклиф ва мулоҳазалари эшитилди.
Жойлардаги прокурорлар ва Департаментнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари зиммасига 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсуми давомида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга доир вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди.