Нигерияда қамоқхонага ҳужум қилинди. 1800 дан ортиқ маҳбус қочиб кетган
Олам
−
06 Апрель 2021
3353Нигериядаги қамоқхоналарнинг бирига қуролланган шахслар ҳужум қилиши оқибатида 1800 дан ортиқ маҳбус қочиб кетди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳужумчилар маъмурий блокни портлатиш учун портловчи моддалардан фойдаланган ҳолда жануби-шарқий Оверри шаҳридаги қамоқхонага бостириб кирган.
Хабарга кўра, қочиб кетган маҳбуслардан олти нафари қайтиб келган. Қамоқхонадаги 35 нафар маҳбус қочишдан бош тортган. Полиция ҳужумни амалга оширишда Биафранинг маҳаллий аҳолисини айбламоқда.
Нигерия ахлоқ тузатиш хизмати Имо штати Оверри шаҳридаги қамоқхонадан 1844 нафар маҳбус қочганини тасдиқлади.
“Ҳужумчилар ракета гранаталари, пулемётлар, портловчи моддалар ва милтиқлар билан қуролланган эди”, дейди полиция вакили.
Нигерия Президенти Муҳаммаду Бухари бу ҳужумни “анархистлар“ томонидан амалга оширилган “террорчилик ҳаракати“, деб атади.
Маълумот учун, январь ойидан бери Нигериянинг жануби-шарқидаги бир нечта полиция участкалари ва транспорт воситалари ҳужумга учради, шунингдек кўп миқдорда ўқ-дорилар ўғирланди. Ҳужумлар учун жавобгарликни ҳеч қандай маҳаллий гуруҳ ўз зиммасига олмади.
Иқбол Эргашова
LiveБарчаси