Нигердаги исёнчиларга дўст давлатлар у ерга ҳарбий самолёт жўнатди (видео)
Олам
−
19 Август 2023
13260Мали ва Буркина-Фасо ҳукуматлари Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) эҳтимолий ҳарбий аралашувига жавоб бериш учун Нигерга жанговар самолётлар юборди. Бу ҳақда Нигер давлат телевидениеси хабар берди.
Айтилишича, Буркина-Фасо ва Мали қўшма бирдамлик билдиришномаси доирасидаги мажбуриятларини шу тарзда амалга оширмоқда. Бундан ташқари, Нигер пойтахти Ниамейда ECOWAS’нинг кутилаётган ҳарбий аралашувини қайтариш учун уч мамлакат бош штаблари офицерларининг учрашуви бўлиб ўтган.
Маълумот учун, Нигер, Буркина-Фасо ва Мали ҳудудлари Франциянинг собиқ мустамлакалари саналади. Ҳар учала давлатда, 2021 йилда Малида, 2022 йилда Буркина-Фасода, 2023 йил июль ойи охирида Нигерда ҳарбий тўнтаришлар содир бўлган. Нигердаги янги ҳокимият Франция билан ҳамкорликни тўхтатган. ECOWAS Нигерга ҳарбий аралашув билан таҳдид қилганидан сўнг Буркина-Фасо ва Мали бундай ҳаракатларни ўз ҳудудларига ҳужум деб ҳисоблашга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ганада бўлиб ўтган ECOWAS штаб бошлиқларининг йиғилишида Нигерга ҳарбий интервенция бошланиши учун сана белгилангани маълум бўлганди.