Ниҳоят! “Барса” янги футболчиларини рўйхатдан ўтказди

Спорт 5305
image

Испаниянинг “Барселона” клуби Роберт Левандовски, Франк Кессье, Рафинья Диас, Андреас Кристенсен, Усмон Дембеле ва Сержи Робертони Ла лига учун рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда “Mundo Deportivo” нашри хабар берди.

Манбага кўра, клуб “Barca Studios” (жамоанинг медиа хизмати) ҳуқуқларининг 24,5 фоизини “Orpheus Media” компаниясига 100 миллион еврога сотиб, тўртинчи дастакни ишга туширгач, янги келган футболчиларни рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлди. 

Қайд этиш керакки, “Барселона” фақатгина “Севилья”дан олиб келинган ҳимоячиси Жюл Кундени рўйхатдан ўтказолмаган, холос. Кунде Испания чемпионати рўйхатига киритилиши учун “Барса” яна бироз ойликларни камайтириб, камида битта футболчисини сотишга тўғри келади.

“Барса” раҳбарияти ҳам кераксиз футболчилардан қутулиш ниятида. Айни дамда Мемфис Депайнинг “Ювентус” билан музокаралар олиб бораётгани айтилмоқда. Шунингдек, кўплаб манбалар ярим ҳимоячи Френки де Йонгнинг келажагини “Челси”га боғлаяпти. Бундан ташқари, Мартин Брейтуэйт, Самуэль Умтити, Сержино Дест ва Пьер-Эмерик Обамеянг ҳам клубни тарк этиши мумкин.

Маълумот учун, ёзги трансфер ойнасида Франк  Кессье ва Андреас Кристенсен эркин агент сифатида “Барселона” билан шартнома имзолади. Шунингдек, “Лидс” ярим ҳимоячиси Рафинья Диас 58 миллион еврога ва Роберт Левандовски “Бавария”дан 45+5 миллион евро эвазига харид қилинди. Қолаверса, “Севилья” футболчиси Жюль Кунде 50 миллион евро эвазига сотиб олинди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 190
Рейтинг: 3
t
×