Неймар Англия клубига ўтиши мумкин
Спорт
−
19 Март 2022
7783Англиянинг “Ньюкасл” футбол клубига эгалик қилиш ҳуқуқи Саудия Арабистони суверен фондига ўтгач, жамоа дунёдаги энг бой клубга айланди. Инглиз матбуоти “Ньюкасл”нинг янги соҳиблари жорий йилнинг ёз ойларида трансфер бозорини “портлатиши” ҳақида ёза бошлади.
“Ньюкасл” вакиллари ПСЖнинг бразилиялик ҳужумчиси Неймар атрофидаги вазиятни жиддий равишда кузатиб бормоқда. Бу ҳақда “Gоаl” нашри хабар берди.
30 ёшли бразилиялик футболчига парижлик мухлислар томонидан илиқ муносабат билдирилаётгани йўқ. Франция чемпионати доирасида ПСЖнинг “Бордо”га қарши кечган учрашувида мухлислар Неймарга нисбатан ҳуштакбозлик қилди. Бу ҳолат Неймарга ёқмаган ва у янги лойиҳаларни ўрганиб чиқишга қарши бўлмаслиги мумкин.
Аввалроқ, Қатар амири Неймарни сотиб юбормоқчи экани маълум бўлганди. Шунингдек, ПСЖ расмийлари бразилиялик иқтидор эгасини “Барселона”га таклиф қилгани ҳақида ҳам хабар берган эдик.
Маълумот ўрнида, Неймар ПСЖ сафига 2017 йили Испаниянинг “Барселона” клубидан 222 миллион евро эвазига келиб қўшилганди. Бу трансфер ҳалигача дунё футболидаги энг йирик харид ҳисобланади. Жорий мавсум Неймар ПСЖ таркибида 20 учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол урди. “Тtransfermarkt” портали 30 ёшли футболчини 90 миллион еврога баҳоламоқда.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси