Нетаньяху қочқинлар лагерига ҳужумни “бахтсиз ҳодиса” деб атади

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўнлаб фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган Рафаҳ қочқинлар лагерига уюштирилган ҳаво ҳужуми халқаро миқёсда қораланаётган бир пайтда, ҲАМАСга қарши урушни давом эттиришга ваъда берди. Бу ҳақда у Исроил парламентида сўз очди.
Нетаньяху зарба “фожиали бахтсиз ҳодиса” эканлигини айтган ҳолда, “барча мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмас”лигини қўшимча қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўриб, можарога алоқадор бўлмаганларга зарар етказмаслик учун ҳаракат қилмоқда.

"Рафаҳда биз миллионлаб аҳолини эвакуация қилдик, аммо ҳаракатларимизга қарамай, кеча фожиали воқеа содир бўлди", деди Нетаньяху.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рафаҳдаги қочқинлар лагерига уюштирилган ҳужумда 45 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. 

"Биз ушбу ҳодисани текширамиз ва хулоса чиқарамиз, чунки бу бизнинг сиёсатимиз", дея қўшимча қилди Нетаньяху.

ҲАМАС Тель-Авивга бир неча ой ичида биринчи ракета ҳужумини уюштирганидан кейин, Исроил 26 май куни Рафаҳга ҳужум қилди. Исроил расмийлари ҳаво ҳужуми қонуний нишонларга қарши халқаро қонунларга мувофиқ, аниқ ўқ-дорилардан фойдаланган ҳолда амалга оширилгани ва ҲАМАС Рафаҳдаги ҳудуддан фойдаланаётганини кўрсатувчи аниқ маълумотларга асослангани ва ҲАМАСнинг икки юқори мартабали жангчиси ҳалок бўлганини иддао қилмоқда.

Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятининг маълум қилишича, ҳаво ҳужуми Рафаҳ марказидан тахминан 2 километр шимоли-ғарбда жойлашган Тал ас-Султондаги чодирларга берилган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 45 киши ҳалок бўлган, яна юзлаб одамлар куйиш, синиш ва шрапнель (артиллерия снарядлари каби портловчи қурилманинг ҳавода учиб кетган металл парчалари туфайли юзага келадиган травматик жароҳатларнинг бир тури) каби жароҳатлар олган. “Чегара билмас шифокорлар” ташкилотининг маълум қилишича, зарбадан сўнг унинг муассасаларидан бирида камида 28 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган, 180 нафари яраланган.

Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми халқаро, жумладан, гуманитар ташкилотлар, БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди.

Эслатиб ўтамиз, 24 май куни Халқаро суднинг Исроилга қарши қабул қилинган қарорига қарамай, Исроил армияси Рафаҳ шаҳрини иккинчи марта ўққа тутган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҲАМАС Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг