Нетаньяху эронликларни исён кўтаришга чақирди

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эрон аҳолисига мурожаат қилиб, уларни мамлакат раҳбариятига қарши қўзғолонга чорлади. Бу ҳақда у кеча, 12 август куни Эрон халқига қилган видеомурожаатида гапирди.

Мурожаатда Исроил Бош вазири мамлакат “жорий тузумдан озод бўлиши биланоқ” Эроннинг кескин сув тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга ваъда берган. Хусусан, Нетаньяху Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг мамлакатда сув тақчиллиги ҳамда бошқа жиддий миллий муаммолар мавжудлигини тан олганини қайд этган.

“Бу даҳшатли ёзги жазирамада болаларингизга бериш учун ҳатто тоза совуқ сув ҳам йўқ. Қандай риё. Қандай халқни менсимаслик”, дейди Нетаньяху.

У қарийб ўн йил аввал сув ресурсларини бошқаришни ўргатиш мақсадида форс тилида Telegram-канал очганини ва у тезда 100 минг обуначига эга бўлганини эслаган.

“Эроннинг сувга бўлган чанқоқлиги фақат эркинликка бўлган чанқоқлик билан тенг”, дейди Исроил Бош вазири.

Нетаньяхунинг билдиришича, “Эрон эркин бўлиши биланоқ” етакчи исроиллик сув ресурслари бўйича мутахассислар ҳар бир Эрон шаҳрига оқиб боради ва ўзлари билан илғор технологиялар ҳамда тажрибани жорий этади.

Исроил ҳукумати раҳбари Эрон раҳбариятини ўз фуқароларига “зулм ва қашшоқлик”ни сингдиришда ва юзлаб миллиард долларларни ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” ҳамда ҳусийларга йўналтириб, ички эҳтиёжларга пул ажратмасликда айблаган.

“Сиз оғир уруш даврида ёлғиз азоб чекаётган пайтингизда мамлакатдан қочаётган раҳбарларга лойиқ эмассиз”, дейди у.

Нутқи якунида Нетаньяху эронликларни кўчаларга чиқишга, “зулмга қарши туришга” ва Эрон раҳбариятини “жавобгарликка тортишга” чақирган.

“Уларнинг ҳаётингизни бир дақиқага ҳам барбод этишга йўл қўйманг. Сиз ёлғиз эмассиз. Исроил сиз билан. Бутун эркин дунё сиз билан”, дейди Нетаньяху.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг июль ойи охирида Эрон мисли кўрилмаган сув инқирозига дуч келган. Бунинг оқибатида мамлакат пойтахти Теҳрон бир неча ҳафта ичида сув таъминотисиз қолиши мумкин.

Ғарб ОАВлари хабарига кўра, инқирознинг сабаби бир нечта омилларнинг йиғиндиси, жумладан, сув ресурсларини ўнлаб йиллар давомида самарасиз бошқариш ва талаб билан таклиф ўртасидаги номутаносибликнинг ортиши. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда аномал иссиқлик, сув сатҳи пасайиши ва электр узилишлари ортидан ҳукумат фавқулодда чоралар кўришга мажбур бўлганди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги 31 вилоятдан камида 15 тасида давлат идоралари бутунлай ёпилган ёки қисқартирилган иш жадвалига ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг