Нетаньяху Эронга ҳужумдан олдин Германияни хабардор қилган
Олам
−
13 Июнь
6061Германия ҳукумати Эронга режалаштирилган ҳужум ҳақида Исроил томонидан олдиндан хабардор қилинган. Бу ҳақда “Der Spiegel” журнали хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Германия канцлери Фридрих Мерц билан 02:30 (Тошкент вақти билан 01:30) атрофида телефон орқали боғланган.
Мерцнинг айтишича, хавфсизлик идоралари Германиядаги яҳудий ва Исроил муассасаларини ҳимоя қилишни кучайтиради.
“Германия Исроил ва Эронни минтақанинг янада кескинлашиши ва беқарорлашишига олиб келиши мумкин бўлган қадамлардан тийилишга чақиради”, дейди Мерц.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроилнинг бугун, 13 июнь куни кечқурун Эронга берган зарбаларини “бир томонлама ҳаракат” деб атаган ва Вашингтоннинг бунга алоқаси йўқлигини айтганди. Рубио, шунингдек, Эронни минтақадаги АҚШ кучларига ҳужум қилмасликка чақирди.