Нетаньяху Эрон раҳбариятига яна дағдаға қилди
Олам
−
14 Июнь
12273Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху яқин орада Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Теҳрон осмонида яна пайдо бўлиб, “Оятуллоҳ режими”нинг барча объектлари ва нишонларига зарба беришини маълум қилди. Бу ҳақда у ўз халқига йўллаган видеомурожаатида сўз очган.
“Энг яқин вақтда сиз Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг самолётларини Теҳрон осмонида кўрасиз – биз режимнинг ҳар бир объектига ва ҳар бир нишонига зарба берамиз”, деган яҳудийларнинг Бош вазири.
Қолаверса, у Исроил Эрондаги ядровий бомба ишлаб чиқариш учун зарур бўлган муҳим объектга ҳужум қилгани ҳақида ҳам гапирган.
“Биз ушбу лойиҳаларни назорат қилувчи асосий олимлар гуруҳига ҳам зарба бердик. Ва бу уларни, эҳтимол, кўп йиллар давомида орқага қайтаради”, дея қўшимча қилган Нетаньяху.
Исроил вазирининг таъкидлашича, мамлакат ҳаво кучлари Теҳрондаги Эрон режимининг ҳар бир объекти ва ҳар бир нишонига зарба беради ва ғалабага эришгунга қадар курашни давом эттиради.
Исроилнинг Эронга ҳужуми
13 июнь куни Исроил Эронга қарши зарба беришни бошлади ва бу операцияни “Шерлар олами” деб номлади. Зарба объектлари сифатида Теҳрон, Натанз, шунингдек, Кирмоншоҳ ва Харамобод ҳудудлари танланган. Ҳужумларда ҳарбий базалар, Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Эрон Исломий инқилобий гвардияси вакиллари жойлашган турар жой мажмуалари нишонга олинган.
Исроил зарбалари оқибатида бир неча юқори лавозимли ҳарбий хизматчилар ва ядровий физиклар йўқ қилинган. Қолаверса, тинч аҳоли орасидан ҳам 60 киши вафот этгани тахмин қилинмоқда.
Эроннинг Исроилга жавоби
13 июнь куни тундан бугун, 14 июнь тонгига ўтар чоғи Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган.
LiveБарчаси