Непалда кучли зилзила оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
Олам
−
04 Ноябрь 2023
2913Непал ғарбида 4 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 119 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятга таяниб, “Agence France-Presse” хабар берди.
Непалнинг Миллий зилзила мониторинги ва тадқиқот маркази 6,4 магнитудали зилзила қайд этган.
Унга кўра, зилзила эпимаркази Непал пойтахти Катмандудан 400 км узоқликда жойлашган Жаяркот вилоятида бўлган.
АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл, Ҳиндистон сейсмологик маркази 6,4 балл, Потсдамдаги Германия Геофизика тадқиқот маркази эса 6,2 балл деб баҳолаган.
Одамлар вайроналар остида қолиб кетгани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, Непалдаги зилзила ҳатто Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида ҳам сезилган.
Непал Бош вазири Пушпа Камал Даҳал зилзила оқибатида етказилган инсоний ва моддий зарардан чуқур қайғу билдирган. Ҳукумат қидирув ва қутқарув ишларига ёрдам бериш учун хавфсизлик кучларини юборди.
Маълумот учун, Непалда тез-тез зилзилалар содир бўлади. 2015 йилда 7,8 магнитудали зилзила оқибатида 9 мингга яқин одам ҳалок бўлган, миллионга яқин бино вайрон бўлган.