Немис нашри Россиянинг Украинага “бостириб киргандан” кейинги режасини эълон қилди
Олам
−
05 Февраль 2022
17824Германиянинг “Bild” нашри разведка маълумотларига таяниб, гўёки Украинага “бостириб киришдан” кейинги давр учун Россия ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган режани эълон қилди.
Нашрга кўра, у бир неча босқичларни ўз ичига олади:
Биринчи босқич — шаҳарларни босиб олиш. Украина қўшинлари устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Россия армияси энг йирик аҳоли пунктларини бўйсундиришни режалаштирмоқда. Шу мақсадда аллақачон Москвага содиқ бўлган сиёсатчилар ва разведкачилар Украина шаҳарларида фаол иш бошлайди, уларнинг вазифаси “Россияпараст раҳбариятни ўрнатиш” ва бу шаҳарларни Россияга “ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориш” бўлади. Шундан сўнг барча йирик шаҳарлар “тинчлик йўли билан” Москва назоратига ўтади.
Шаҳарлар капитуляция қилинганидан кейин иккинчи босқич бошланади: Россия ҳукумати Олий Рада — Украина парламенти ўрнига “халқ Радаси”ни яратади. Янги “қўғирчоқ” қонун чиқарувчи органда “Россия махсус хизматлари аввалроқ сайлаган вакиллар деб аталадиганлар” ишлайди. Шундан сўнг Россия томонидан назорат қилинадиган ҳукумат тузилади.
Учинчи босқичда янги ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилади ва “Россия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган украиналиклар юбориладиган лагерлар яратади”. “Россияпараст раҳбарият” ҳар қандай қаршиликни бостиради, бунда Беларусь расмийларининг ушбу мамлакатдаги норозилик намойишларидан кейинги ҳаракатларини намуна сифатида олиш мумкин.
Таъкидланишича, режанинг барча босқичлари Украина ва Ғарб мамлакатларидаги Россия оммавий ахборот воситаларида ташвиқот билан бирга бўлади.
“Россия учун бутун кампаниянинг муваффақияти босиб олинган ҳудудлар устидан назоратга, у Украина халқини чинакамига синдира олишига, янги ҳукуматнинг тан олиниши ва қонунийлигини қўлга киритишига боғлиқ бўлади”, дея разведка ҳисоботидан иқтибос келтирган нашр.
Бу барча ҳаракатларнинг натижаси Украинада “Россияга қўшилиш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш учун шароит яратиши” керак бўлган “полиция давлати”нинг шаклланиши бўлади.
“Натижада Москва Россия, Украина ва Беларусдан иборат янги “иттифоқ давлати”ни яратишни режалаштирмоқда”, дейилган хабарда.
Нашрнинг таъкидлашича, ушбу сценарий аниқ бўладими ёки йўқми ҳали аниқ эмас, аммо унга тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, РФ Федерал хавфсизлик хизмати “Россияпараст гуруҳларни Украинада жойлаштиришга ўргатувчи” режани ишлаб чиқишда иштирок этмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши энг эҳтимолий сценарий сифатида кўрилмоқда. Разведка маълумотларига кўра, “Россия президенти Владимир Путин ўз фикрини ўзгартирмаса”, ҳужум февраль ойида ва ҳар қандай ҳолатда ҳам “мартдан кечикмай” содир бўлиши мумкин.
Россиянинг Германиядаги элчихонаси “Bild”нинг белгиланган режага изоҳ бериш ҳақидаги сўровига жавобан, уни “чайқовчилик ва миш-мишларнинг ғалати аралашмаси” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, Американинг “Bloomberg” агентлиги кеча, 4 февраль куни ўз веб-сайтида “Россия Украинага бостириб кирди” сарлавҳасини эълон қилганди, у кейинроқ хатони тан олиб, хабарни олиб ташлаган.
Украина-Россия низоси
Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса бошқа томонда урушга қарши ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди.
Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўт очар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.
Бошқа томондан, Россия Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.
LiveБарчаси