Немис армиясига нисбатан нафратим ошди – Турдимов
Жамият
−
16 Январь 2020
20129Ёзувчилар Анвар Эргашев ва Юлия Медведовскаянинг “Бир юз бир” номли романи чоп этилди. Роман ўз ичида Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларини қамраган. Унда ўзга юртларда дафн этилган 101 самарқандлик жангчи ҳақида сўз боради. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур асар муаллифларига мактуб йўллаб, уларга миннатдорлик билдирди.
“Романни мутолаа қилгандан сўнг, суронли уруш уруш тафсилотлари тўғрисида тасаввурим янада бойиганидан буён қалбимда халқим ва миллатимдан ғурурланиш ҳисси ортиб бормоқда. Бинобарин, бу китобни ўқиган ҳар бир юртдошимда ана шундай кечинмалар бўлишига ишонаман”, деб гап бошлайди Турдимов.
У мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида яқин ва узоқ тарихни тиклаш, ўрганиш ва уни авлодларга етказишга катта эътибор қаратилаётганини, Иккинчи жаҳон уруши ҳам ана шундай тарихий ҳодисалардан бири эканини қайд этади.
“Теран илдизли, маънавиятли халқни енгиб бўлмайди. “Бир юз бир” романи бу ҳақиқатни кўз олдимизда яна бир карра ифода этган. Очиғи, Гитлер кўрсатмаси билан Голландиянинг Амерсфорт шаҳрида барпо этилган маҳбуслар манзилгоҳида шу ерлик врач Николас Ван Ньюванхуазен ўтказган тажриба тафсилотини ўқиб, юрагим музлаб кетди. Бир томондан энг мураккаб шароитда ҳам инсоний фазилатларини намойиш этган миллатдошларимдан ғурурлансам, иккинчи томондан уруш баҳонасида инсон устидан қабиҳ синов ўтказган немис армиясига нисбатан нафратим ошди. Негаки, бу ҳолатлар романда жуда самимий, жонли, ишонарли ва маҳорат билан ёзилган”, дейди Турдимов.
Ҳоким китоб ҳақидаги фикрларини баён этаркан, бу китобни ёшлар, бутун самарқандликлар ўқиши кераклигини айтади. У Самарқанд вилоятида 101 қаҳрамон жангчи хотирасига ёдгорлик ўрнатиш нияти борлигини очиқлайди.
Маълумот ўрнида, ХХ асрнинг 30 йилларида Германия ҳокимияти тепасига келган фашизм инсоният бошига мисл кўрилмаган ваҳшийликларни солган. Адольф Гитлер бошчилигида дунё халқларини қул қилиш мақсадида Иккинчи жаҳон урушини бошлаган.
Яҳудий ва учинчи дунё аҳолисини ўзига қарам қилиб, уларни энг оғир ва тубан ишларни бажаришга мажбур қилишган ёки бутунлай қириб ташлашган.
Освенцим, Холокост, Хатинь ва бошқа ўлим лагерларида асир олинган минглаб бегуноҳ болалар, аёллар, кексалар тириклайин ўтда ёндирилган, газ камераларида бўғиб ўлдирилган...
Шунингдек, 6 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан ҳам 1,5 миллион нафар йигитлар ушбу 2-жаҳон урушига сафарбар қилинган. Уларнинг ярмидан кўпроғининг ҳоки поклари бегона юртларда қолиб кетган, қанчаси бедарак йўқолган. Улар рўйхатида 101 нафар самарқандлик юртдошларимизнинг борлиги айтилади. Бу ҳақда Голландиялик журналист Ремко Рейдинг маълумотлар тўплаган ва уни ёритган.
LiveБарчаси