Нега кескин карантин чоралари белгиланмаганига аниқлик киритилди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони яна ортиб, вазият хавотирли тус олаётган бўлса-да нега мамлакатда кучайтирилган карантин чоралар эълон қилинмаяпти? Айни вақтда ушбу саволни кўпчиликдан эшитмоқдамиз. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков АОКАда бўлиб ўтган брифингда мазкур саволга жавоб берди. 

“Агар карантин чекловлари  кескин ва қатъий талаблар асосида амалга ошириладиган бўлса, кўп оилаларнинг кун кечириши ва иқтисодий аҳволи танг ҳолатга келиб қолиши мумкин. Шу сабабли қатъий карантин тадбирларини ўтказишга, кескин чораларни кўришга қўл урилмаяпти. Республика махсус комиссияси одамларнинг турмуш тарзига, онгига таъсир қилиш орқали вазиятни барқарорлаштирмоқда”, дейди Нурмат Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатларининг кўпайгани сабабли бугун, 28 июндан эътиборан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан қатор карантин чекловлар жорий қилинди.

Унга кўра: 

•  жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;

•  хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иҳтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;

•  жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади;

•  кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Шунингдек, очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишидан қатъий назар, юртимизда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилиши белгиланди.

1 августдан бошлаб тўй ва маросимларни 50 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш белгиланди.

Юлдуз Абдурашидова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

304

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг