Нега французлар Париждаги ягона осмонўпар бинодан нафратланади? (фото)

Бу қизиқ

image

Парижнинг марказий кўчасида жойлашган, баландлиги 210 метрни ташкил этувчи “Тоur Montparnasse” биносининг қурилганига 50 йил ўтибдики, ҳамон парижликлар томонидан қабул қилинмаётган объект сифатида қолмоқда. Бунга асосий сабаб бино шаҳарнинг бошқа иншоотлари каби мумтоз услубда эмас, балки замонавий кўринишда қурилганидадир. Бу борада CNN нашри бир қанча маълумотларни тақдим этди.

Айтилишича, 1973 йилда қуриб битказилган, 59 қаватдан иборат шоколад рангли бино очилганидан бери кўплаб парижликлар томонидан ёмонлик рамзи сифатида қабул қилинмоқда. “Тоur Montparnasse” Париждаги 210 метр баландликда жойлашган ягона осмонўпар бино бўлиб, унинг ташқи томони шиша ва пўлатдан таркиб топган. Асосан ўзининг меъморий бир хиллиги билан машҳур бўлган шаҳарда жойлашган мазкур бино аслида ягона бошқа услубга хос иншоот эмас. Бироқ французларнинг аксарияти айнан шу объект Эйфель минораси ҳамда Cакре-Кёр мажмуасининг ҳашаматига соя солаётгани учун уни ҳанузгача қабул қилмаган.

Меъморлар Жан Саубот, Эжен Бодуен, Урбаин Сассан ва Луи де Хойм де Мариен томонидан ишлаб чиқилган бинога нисбатан французларнинг ғазабланиши ажабланарли эмас аслида. Аввалдан парижликлар томонидан пойтахтнинг кўринишида катта ўзгариш бўлишига қаршилик кўрсатиб келинган. Ҳатто 1889 йилда қуриб битказилган Эйфель минораси ҳам дастлаб масхара қилиниб, у "Фожиали кўча чироғи" ёки "Баҳайбат, нопок скелет" деб аталган.

Шунингдек, 1980 йилда Лувр музейи ташқарисида ўрнатилган меъмор И.М.Пейнинг машҳур шиша пирамидалари ҳам турли ҳақоратларга сабаб бўлган.

Парижда баланд биноларнинг келажаги

Парижликлар “Тоur Montparnasse” биносини Эйфель минорасидан фарқли ўлароқ узоқ йиллардан бери қабул қилолмаяпти. Дастлабки йилларда кўп жиҳатдан жамоатчилик норозилиги туфайли Париж шаҳар кенгаши шаҳарда 1977 йилдан бошлаб баландлиги 37 метрдан юқори биноларни қуришни тақиқлаганди. 2010 йилгача мазкур ҳудудда осмонўпар биноларни қуриш бўйича қаттиқ чекловлар киритилиб, баланд бинолар асосан Дефенс ёки бошқа шаҳар атрофида барпо этилган.

Ҳатто 2014 йилда Париж мэрлигига даъвогар бўлган консерватив номзод сайловолди ташвиқоти чоғида бу бинони бузиб ташлашни таклиф қилиб, уни “Шаҳар фалокати” деб атаган. Ғолиб номзод, амалдаги шаҳар мэри Анн Идальго бу таклифни бемаънилик деб атаб, бино, албатта, шаҳардаги энг гўзал объект эмаслигини тан олган.

Ҳозирга қадар Париж шаҳрида баланд биноларни қуриш қай даражада тўғри бўлиши ҳақида кўплаб фикрлар мавжуд. Шулар қаторида таниқли меъмор, “Pritzker” мукофоти совриндори Жан Нувель Парижни музей-шаҳар деб ўйлашни тўхтатиш вақти келганлигини айтган.

Унинг 2008 йилда Франциянинг “Le parisien” газетасида чоп этилган интервьюсида Париж шаҳри ҳали тўлиқ қуриб битказилмагани, вертикал бинолар пойтахтни янада бойитиши мумкинлиги, шаҳарни улардан маҳрум қилмасликни таъкидлаган.

 

Шаҳар ҳукумати узоқ давом этган тендер жараёнидан сўнг 2015 йилда Парижнинг иккинчи осмонўпар биноси, жануби-ғарбий 15-округнинг чеккасида жойлашган 180 метр баландликдаги “Tour Triangle” биносини қуришни маъқуллади.

Шаҳар мэри Анн Идальго дастлаб “Tour Triangle”ни қўллаб-қувватлаган. Бир неча йил ўтиб, яна шаҳар маъмурияти пойтахтда осмонўпар бинолар қуришни рад этган. Шундан сўнг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва шаҳарда углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича илгари сурилган режа доирасида бинолардаги 37 метр баландлик чегараси яна қайтадан тикланган.

“Tour Triangle” қурилиши 2026 йилда қуриб битказилиши кутилмоқда. У 50 ёшли “Тоur Montparnasse” каби турли ҳақорат, таҳдидларга учрайдими ёки йўқ ҳозирча номаълум.


Мақола муаллифи

Теглар

Париж Тоur Montparnasse

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг