Нега дунё брендлари Марказий Осиёдан Ўзбекистонни танламоқда, Қозоғистонни эмас?

Олам

image

Дунёга машҳур Nike, ADIDAS, Apple брендлари, шунингдек, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмларини чакана сотиш бўйича етакчи – INDITEX каби дунё брендлари ўзининг ишлаб чиқариш корхоналарини Ўзбекистонда очмоқда. Қозоғистонда эмас, нега? Бу ҳақда Қозоғистоннинг “ORDA” нашри мақоласида сўз боради.

Ўтган йили бир қатор жаҳонга машҳур компаниялар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун Ўзбекистонни танлади. Тез кунларда Тошкентда Apple офисининг очилиши кутилмоқда. Сўнгги бир ярим йил ичида эса бир нечта йирик корпорациялар Ўзбекистонда расмий равишда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди. Булар: Netflix, Google Commerce, Google Ireland, Google Voice, Samsung Electronics, Сleverbridge, Xsolla, Activision Blizzard International. Ушбу рўйхатга ўтган йилнинг апрель ойида “Apple Distribution International” ҳам қўшилди.

Nike

Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистон “Nike World Headquarters” билан келишувга эришгани маълум бўлди.

Nike’дан ташқари Converse ва Jordan брендларига эгалик қилувчи Американинг трансмиллий компанияси Андижон вилоятидаги “Sino International” корхонаси базасида йилига 3 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқаришни режалаштирган. 

ADIDAS AG

Спорт кийим-кечакларини ишлаб чиқаришда дунёда Nike’дан кейин иккинчи ўринда турувчи ADIDAS Ўзбекистонда пойабзал ишлаб чиқариш бўйича музокараларни икки йил олиб борди. Ўтган йилнинг кузига келиб “Ўзчармсаноат” Германия спорт гиганти билан шартнома тузганлигини эълон қилди. Шунингдек, ADIDAS маҳсулотлари ҳам “Sino International” корхонаси базасида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

INDITEX корпорацияси

INDITEX – Massimo Dutti, Zara, Pull & Bear, Oysho, Bershka, Stradivarius, Uterque, Zara Home каби брендлари билан дунёдаги энг йирик чакана савдо компанияси ҳисобланади.

96 мамлакатда икки мингдан зиёд дўкони ва 18 миллиард евролик товар айланмасига эга бўлган INDITEX Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқчи. Компания “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан икки йиллик музокаралардан сўнг, келишувга эришди.

Apple

Apple’нинг Марказий Осиёдаги биринчи офиси эса Тошкентда очилади. Бу ҳақда жорий йилнинг январь ойи бошида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилган.

Пандемияга қарамасдан, ўтган йили рекорд даражада фойда қилган Apple компанияси айнан Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқчи.

Нима учун инвесторлар Ўзбекистонни афзал билмоқда, Қозоғистонни эмас?

Қозоғистонлик сиёсатшунос Данияр Ашимбаев Ўзбекистон иқтисодий дастурларининг муваффақиятли амалга оширилиши борасида ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбек пахтаси + таълими

“Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчилардан бири. Тошкент яхши муҳандислик базасига, етарлича кучли техник маълумотга шунингдек енгил саноат мутахассисларини тайёрловчи таълимга эга”, дейди Данияр Ашимбаев.

Ишчи кучи + интизом + саноат

Сиёсатшунос шунингдек, паст ҳақ тўланувчи ишчи кучи, ҳаракатчанлик, меҳнатга йўналтирилган менталитет, амалий интизомни таъкидлайди. Ашимбоевнинг сўзларига кўра, Тошкент Туркистон вилоятининг собиқ маркази Олма-отага қараганда анча ривожланган шаҳар бўлган.

“Агар бир пайтлар бизнинг хомашё саноат корхоналаримиз кўпроқ ривожланган бўлса, қўшниларимиз тўқсонинчи йилларнинг ўрталарида автомобилсозлик саноати борасида тажрибага эга эди”, дейди сиёсатшунос.

Давлат томонидан тартибга солиш 

Ашимбаев, шунингдек, жуда қаттиқ ва кучли давлат бошқарувини ҳам муҳим деб ҳисоблайди.

“Президент Мирзиёев иқтисодиётни либераллаштириш бўйича кўрган чоралари, Ўзбекистон ва Қозоғистонни таққослаганда, Тошкентга катта афзалликларни берди. Шу билан бирга, техник жиҳатдан кўпроқ тайёрланган, мобил ишчи кучи, барқарор қонунчилик, ислоҳотлар кетма-кетлиги бизга етишмаётган ҳамма нарсани Ўзбекистонга берди”, дейди қозоғистонлик эксперт Ашимбаев.

Диний экстремизмга қарши кураш

“Катта хорижий инвесторларни қўрқитиши мумкин бўлган омил бу – диний экстремизм. Ўзбекистонда эса диний экстримизм Андижон воқеаларидан кейин, ҳатто Каримов даврида ҳам анча қаттиқ бостирилган. Ҳозир эса аввалгидан ҳам кучли. Ўзбекистон бу хавфни жуда қаттиқ назорат қилади”, дейди сиёсатшунос. 

Унинг фикрича, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бир-биридан фарқ қилувчи афзалликларига қараб, нима учун энг йирик трансмиллий корпорациялар Ўзбекистонни танлаганини тушуниш қийин эмас.

“Қонунчилик, менталитет, коррупцияга қарши чоралар, иш кучининг сифати ва нархи ... Нима учун Ўзбекистон устунликка эга экани маълум. Агар сармоядорлар қўшниларга борса, ўзимизни сочимизга осишимиз эмас, балки сабоқ олишимиз керак”, дейди Ашимбаев. Шундан сўнг, эксперт Қозоғистондаги камчиликларга тўхталган.

Қонунчиликнинг беқарорлиги

“Қонунчилик барқарорлиги бўйича ҳам Қозоғистон мақтана олмайди. Солиқ кодексига тузатишлар деярли ҳар ҳафта киритилади. Беш йил ичида Тадбиркорлик кодексига қирқ марталаб ўзгартириш киритилди. Қонунчилик доимий равишда ўзгариб бормоқда. Бундан ташқари, хорижий рейтинг агентликлари ҳужжатларида таъкидланганидек, Қозоғистон қонунчилиги, айниқса фискал, тескари йўналишда ўзгаришга мойил. Яъни, нормаларни 2021 йилдан эмас, балки, масалан, 2018 йилдан бошлаб киритиб юборади”, дея қўшимча қилган эксперт.

Шунингдек сиёсатшунос, хомашёга асосланган эмас, балки кўпроқ технологик соҳада ишлайдиган инвесторлар қонунчилик тартиби барқарорроқ бўлган мамлакатда ишлашни афзал кўришини таъкидлаган. 

“Ҳозир Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги борасида катта гапириб бўлмайди. Аммо биз шуни кўриб турибмизки, Президент Мирзиёев Каримов ўраган жиловни секин бўшатиб, ўз мамлакатини юқори технологиялар, қайта ишлаш саноати ва ижод соҳасида ишлайдиган инвесторлар учун янада жозибадор қиляпти”, дейди қозоғистонлик эксперт.

У шунингдек, Қозоғистоннинг эксперти асосан хомашёга асосланганини танқид остига олган. 

“Муаммо шундаки, биз хомашёга қарамлигимиздан халос бўлмадик. Қозоғистонда хомашёни ҳисобга олмасак экспорт паст... Ким чет элга экспорт қилинадиган таркибида хомашё бўлмаган камида ўнта товарни ёддан нома-ном санаб бера олади, озиқ-овқат саноатидан ташқари? Бармоқ билан саналадиган даражада. Тўғри, бизда Степногорскда “подшипниклар” ишлаб чиқарадиган завод, Кентауда трансформатор заводи, Талдиқўрғонда аккумулятор заводи ва Олма-отада ҳам битта завод бор, аммо охиргисидан ташқари, бу заводларнинг барчаси узоқ Совет даврларига бориб тақалади”, дейди сиёсатшунос.

Ашимбаевнинг сўзларига кўра, агар Қозоғистонда 90-йилларнинг ўрталарида ишлаб чиқариш қувватлари сонини эсга олинса, ҳозир улардан асар ҳам йўқ.

“Бу машинасозлик, енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларига тааллуқлидир. Қозоғистон шундай тотал деиндустриализация қилди. Ҳозир кўплаб фабрикалар савдо марказларига айланиб, ўз фаолиятини тўхтатди. Масалан, АДК. Ушбу савдо марказини ҳамма билади, аммо унинг Олма-ота уй қуриш комбинати бўлганини ҳеч ким билмайди”, дейди сиёсатшунос.

Ашимбаев йирик хорижий инвесторлар Қозоғистонга келмаслигининг учта асосий сабабини айтиб ўтди.

Биринчидан, коррупция, самарасиз режалаштириш, ёмон ижро ва назоратнинг етишмаслиги. Режалар доимо ўзгариб туради. Давлат дастурларига жиддий ўзгаришлар киритилаверади.

Иккинчидан, уларни амалга ошириш учун масъул вазирликларни қайта ташкил этиш, ўйин қоидалари ва солиқ қонунчилигини ўзгартириш тинимсиз давом этмоқда.

Учинчидан, давлат дастури самарадорлиги устидан қатъий назорат деярли мавжуд эмас. Ҳисоб қўмитаси ҳар йили миллиардлаб қоидабузарликларни қайд этмоқда, аммо хулоса қилинмайди.

Давлат ҳар бир соҳада самарасиз иш олиб борса, чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашга қарамай, бирор бир натижа қилиши қийин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

451

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг