Нега давлат шу пайтгача “Док-1 Макс”ни текширмаган? Сўз QURAMAX’га

Саломатлик

Нима учун “Док-1 Макс” сиропи чегарадан олиб ўтилаётганда божхонадаги лабараторияларда текширилмаган? Текширилган бўлса, нима учун таркибидаги заҳарли модда шу пайтгача аниқланмаган?

Камчилик фақат “Док-1 Макс”да кузатилган бўлса-да нега “QURAMAX”нинг барча дори воситалари савдоси тўхтатилмоқда? 

Мазкур аччиқ саволлар бугун, 13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида бўлиб ўтган суд мажлиси давомида “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖнинг вакили томонидан масъулларга берилди. Бироқ суд жараёнида иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази мутасаддилари олдига аниқ ва равшан қилиб қўйилган ушбу критик саволларга аниқ жавоб берилмади. Тўғрироғи, масъул идораларнинг судда қатнашган вакиллари жавобларда елка қисиш билан чекланди. 

Бу эса “Док-1 Макс” сабаб вафот этган 20 нафар болакай воқеасида фақат “QURAMAX MEDIKAL” эмас, бошқалар – тегишли давлат органлари ҳам айбдор эканлигини кўрсатмоқда. 

Маълумотларга кўра, текширув жараёнларида, ҳатто, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭОЖСХ) ҳам иштирок этмаган. Шундай бўлсада Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги корхона санитария талабларига жавоб бермаслиги ҳақида далолатнома имзолаган.

“Агар СЭОЖСХ ходимлари далолатнома имзоланаётган вақтда иштирок этмаган бўлса, бу ҳужжат қанчалик қонуний ҳисобланади?”, дея “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖ адвокати Давронбек Аҳматов Агентлик масъулига юзланди.

Агентлик бошқарма бошлиғи Гулнора Зуфарованинг чекига тушган саволга жавоб беришни Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Шохиддин Аҳроров ўз зиммасига олди.

“Саволга жавоб бермаслик ҳуқуқингиз бор! (Агентлик ходимига – таҳр.) Далолатноманинг қонунийлигига суд баҳо беради”, деди судья.

Шундан сўнг корхона вакили давлат органлари масъулларига бошқа савол билан юзланди.

“Сиз корхонамиздаги дори воситаларининг сифатсиз экани аниқланганини айтяпсиз. Ўша дори воситалари қайсилар? Номини айта оласизми?”, деб жавоб талаб қилди адвокат.

“Танлаб олинган дори воситаларининг серияси кўрсатилган. Масалан, ДХ2205 серияли дори “описание” кўрсаткичи бўйича норматив ҳужжат талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Учта дори воситаси бўйича норматив ҳужжатлар асосида текширув ўтказилган”, дейди Зуфарова.

Судьянинг ўша учта дори номини аниқ айтиш талабидан сўнг, Агентлик бошқарма бошлиғи Зуфарова бу битта дорининг, яъни “Док-1 Макс”нинг учта серияси эканини айтди.

“Демак, сизлар фақат “Док-1 Макс”ни текширувдан ўтказгансизлар. Бошқа дори воситалари ўтказилмаган. Таркибида этиленгликоль мавжуд бўлгани учун мазкур дори воситаси сифатсиз деб топилган. Ундай бўлса, қўлингизда бу дорилар инсон саломатлиги учун зарарлиги ҳақида аниқ экспертиза хулосалари борми?” дея яна саволлар ёмғирини ёғдиришда давом этди юрист.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутасаддиси ҳақиқатдан ҳам “QURAMAX MEDIKAL”нинг бошқа дори воситалари текширилмаганини тан олар экан, уларнинг қўлида фақат норматив ҳужжатлардаги талаблар борлигини айтди.

“Бизнинг қўлимизда норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермаган дори воситаларининг сақланиши, сотилиши тақиқлангани ҳақида асос бор. Шунинг учун бундай дори воситалари бу ҳолатда сақлаб, реализация қилиниши мумкин эмас. Бу хатти-ҳаракатни содир этган корхонанинг лицензияси бекор қилиниши керак”, дея таъкидлади Гулнора Зуфарова.

Шунингдек, адвокат Аҳматов амалдаги қонунчилик бўйича дори воситаларини Ўзбекистонга олиб кириб, реализация қилиш тартиби белгилангани, ушбу тартибга кўра дори васиталари реализация қилинишидан олдин Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилиши ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан сертификат берилишини эслатар экан, ушбу дори воситаси Республика ҳудудига олиб кирилган вақтда қайси орган унга сертификат бергани ҳақидаги жиддий саволни ўртага ташлади.

Унинг фикрича, агар дорига сертификат берилмаганида дори воситаси Ўзбекистонга олиб кирилмаган ва сотилмаган бўларди. 

“Ваколатли орган”, дея саволга қисқа жавоб қайтарди даъвогар томон.

“Регистрация қилувчи орган битта – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази ҳисобланади. Лабаратория таҳлилларини эса бир қанча аккридитациядан ўтган лабаратория ташкилотлари ўтказа олади”, деб жавобини аниқлаштирди Зуфарова.

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказидан вакил Гулчеҳра Болтабоева эса  адвокатнинг “Док-1 Макс” Ўзбекистонга олиб кирилганда текширилган ёки йўқлиги ҳақида берган саволига аниқ жавоб беролмади.

“Албатта, текширилган. Экспертиза қилинмасдан олиб кириш ва сотишга рухсат берилмайди. Лекин мен ҳозир бу масалага масъул бўлмаганим учун саволга жавоб беролмайман. Лекин ҳар томонлама ўрганилган”, дейди у.

“QURAMAX MEDIKAL” МЧЖ вакилининг “агар дори воситаси ҳар томонлама ўрганилган бўлса, нега таркибидаги заҳарли модда вақтида аниқланмаган”, деган саволига эса мутахассис “мен дорининг ташқи кўриниши бўйича талабга жавоб бермайди деганман”, деди.

Шунингдек, у дори воситаси Ўзбекистонга олиб кирилганда лабаратория текширувидан ўтганини тасдиқлади.

“Дори воситаларини лабараториядан ўтказиш жуда мураккаб жараён. Унда кўплаб експертлар, бўлимлар қатнашади. Мен ўша бўлимларнинг биттасиман”, деб ўзини оқлашга уринди у.

Ўзи томонидан берилган саволларга аниқ жавоб берилмаганидан сўнг, “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖ адвокати, жавоб бериши керак бўлган давлат ташкилотлари судга жалб этилиши кераклигини талаб қилди.

Бироқ, суд бу талабни рад этиб, ҳал қилув қарорини бугуннинг ўзида чиқарди. Қарор билан “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-сонли лицензия бекор қилиниши ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг