Нега бу пуллар кимларнингдир чўнтагига тушмоқда? – Президент Қибрайда 3,5 долларга сотилган ер ҳақида гапирди
Жамият
−
20 Январь 2022
11279Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида 3,5 млн долларга ер сотилиши билан боғлиқ воқеани эслаб, бу пуллар давлат ғазнасига эмас, кимнингдир чўнтагига тушаётгани ҳаммани ўйлантириши кераклиги ҳақида гапирди.
"Жойларда ерларни аукционга чиқариш орқали жорий йилда бор-йўғи 400 миллиард сўм тушумни таъминлаш режаси мутлақо қониқарсиз.
Биргина мисол: Тошкент вилоятида 14 гектар ер участкаси 3,5 миллион долларга ноқонуний йўллар билан сотилгани ҳамма раҳбарларни ўйлантириши керак. Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?
Тасаввур қилинг, давлат қанчадан-қанча пулларни йўқотмоқда! Бу пулга қанча мактаб, қанча боғча ва йўл қуриш мумкин эди. Нега шуни ҳокимлар ўйламайди?Ваҳоланки, ушбу вилоятда ўтган йил давомида ер участкаларини сотишдан атиги 18 миллиард сўм маблағ тушган. Бу бозор нархида нари борса 5-10 гектар ернинг нархи", деди давлат раҳбари йиғилишда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг декабрь ойида ноқонуний ер савдоси билан шуғулланган Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими қўлга олинганди.
Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими ҳамда Тошкент шаҳар Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамиятнинг норасмий эгаси ўзаро тил бириктириб, Қибрай тумани ҳудудида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар унумдор ер майдонини харидорга 3 млн 425 минг АҚШ долларига сотишга келишган.
Хабарга кўра, ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, бошқарма ходими ва МЧЖнинг норасмий эгаси сўралган пулдан 500 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси