“Нега бизни ёлғончига чиқарасизлар?” Парламентда UzAutoMotors устидан жанжал чиқди
Жамият
−
20 Декабрь 2022
37735Ўзбекистон парламенти сиз ўйлаганчалик пинакка кетадиган ёки пашша қўриб ўтираладиган жой эмас. У ерда ҳам гоҳ-гоҳида тортишувлар, мунозаралар бўлиб туради. Фақат тортишувларнинг қаҳрамонлари кўпинча такрорланади. У ё Қодиров, ё Кушербоев, ё Ғаниев...
Кеча, 19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида ЎзЛиДЕП депутати Дониёр Ғаниев ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ўртасида тортишув юзага келди.
Йиғилиш доирасида 2023 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан бўлишган Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметовнинг айрим фикрларига депутат Ғаниев қўшимча изоҳ сўраган.
“Маърузангизда айтилишича, харажатлардан бири – хориж мамлакатларига экспорт қилинаётган автомобиль саноат корхоналарининг транспорт харажатларига сарфланишини айтиб ўтдингиз. Лекин, бизга берилган тушунтириш хатида кўришимиз мумкинки, бу транспорт харажати эмас, утилизация харажатларига экан. Яъни, автомобиль экспорт қилинган мамлакатлардаги тарифлар бўйича ҳисобланган утилизация йиғимларини қоплаб бериш учун қўшимча 225 млрд сўм ажратиш илгари сураляпти”, дея Ишметовнинг нутқига шубҳа билдирди депутат.
Шунингдек, у Молия вазиридан “оғиздагиси қоғоздагисига тўғри келмаётган” гаплари бўйича тушунтириш беришини сўради.
“Ҳозирги иқтисодий ҳолат фискал харажатларимизни тартибга солишни, оптималлаштиришни талаб этяпти. Чунки иқтисодий ўсиш йил бошидагидай эмас. Қолаверса, асосий экспорт қиладиган маҳсулотларимизнинг нархи тушган. Геосиёсий вазиятни ҳаммамиз билиб турибмиз. Харажатларимизни оптималлаштириш талаб этилаётган бир вазиятда, экспорт билан шуғулланаётган иккита монопол компанияни субсидия билан қўллаб-қувватлаяпмиз. Энг ёмони, бу маблағлар билан экспорт амалга оширилаётган давлатлар аҳолисининг чўнтагига тўғридан тўғри пул солиб қўйяпмиз. Яъни, утилизация йиғимини қоплаб бериш орқали экспортга йўналтирилаётган автомобилнинг россиялик ёки беларуслик харидор учун арзон бўлишини таъминлаяпмиз. Ҳозирги вазиятимизда бу қанчалик устувор ва тўғри?Йил
бошида вазиятимиз бошқа эди, прогнозларимиз бошқа эди. Шунинг учун 100 млрд ажратишга ўзимиз рози бўлгандик. Лекин юқорида айтдим, ҳозир вазиятимиз бошқача. Бошқа соҳалардаги харажатларни қисқартираётган пайтимизда, тўғридан тўғри монопол қорхонанининг хориждаги мижози сотиб оладиган машинаси нархининг арзон бўлиши учун 225 млрд яна қўшимча субсидия беришимиз қанчалик мантиққа тўғри келади?” дея Тимур Ишметовга юзланди Ғаниев.
Мамлакат Молия вазири эса “бизга транспорт харажатларини қоплаш учун, деб тушунтириш беришганди. Бу саволга “Ўзавтосаноат” вакиллари жавоб бериши керак”, дея жавоб бериш вазифасини ўз зиммасидан соқит қилди.
Аммо, Ишметовни алдаган “Ўзавтосаноат” вакиллари мажлисда иштирок этмаётгани маълум бўлди. Шунингдек, улар онлайн майдонда ҳам кўриниш бермади. Натижада депутатнинг ўткир саволига жавоб бериш масъулиятини Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ўз бўйнига олишга мажбур бўлди.
Бироқ, у ҳам депутатларни нотўғри талқин қилиш ва нотўғри тушунишда айблашдан нарига ўтолмади.
“Бу нарсага аниқлик киритмоқчи эдим. Ижтимоий тармоқларда ҳам сал нотўғри талқинлар чиқиб кетди. Фракциялар йиғилишида бу саволга жавоб берилган. Бу ерда утилизация бўйича йиғим қайтариб берилмаяпти, балки 2020, 2021 ва 2022 йилларда мамлакатимиз экспортёрларининг (нафақат автомобиль экспортёрлари) транспорт харажатларини компенсация қилиш назарда тутилган ва унинг манбаси утилизациядан тушадиган пуллар сифатида кўрсатилган. Бу ижтимоий нуқтайи назардан қанчалик адолатли деяпсиз? Бу ерда “Ўзавтосаноат” ҳақида гап кетмаяпти. Шу нарсага аниқлик киритишимиз керак.
Ҳозирги кеча-кундузда қарашимиз керакки, денгизга чиқиш имконияти мавжуд бўлган қўшни мамлакатларимиз ҳам, биз билан рақобатлашадиган бозорларда ўз экспортёрларига транспорт бўйича субсидиялар беряпти. Бу пул маблағлари фақат 2022 йил учун эмас, балки олдинги йиллар учун ҳам йиғилиб келган. “Ўзавтосаноат” бунча маблағни қайтариб олиш даражасидаги экспортни амалга оширмаган ва ошириш қобилиятига ҳам эга эмас”, деди Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари.
Молия вазири эса “Ўзавтосаноат” вакиллари мажлисда қатнашмаётгани боисидан улардан бу бўйича ёзма тушунтириш олишга ваъда берди. Лекин, депутат Дониёр Ғаниев уларнинг жавоби ва ваъдасидан қониқмай, кескин эътироз билдирди.
“Мени бу жавоб билан ёлғончига айлантиришяпти. Истасангиз тушунтириш хатини ўқиб беришим мумкин. Бу ерда “экспорт қилинадиган мамлакатларда маҳаллий автомобиль саноати корхоналари томонидан тўланадиган утилизация йиғими харажатларига давлат бюджетидан маблағ ажратиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига – 224,5 млрд сўм”, дейилган, ҳеч қанақа транспорт харажати, ҳеч қанақа текстиль ёки бошқа соҳадаги экспортёрлар ҳақида гап кетмаяпти.
Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси бор, қўшни бўлмаган мамлакатга экспорт амалга оширилса 50 фоизгача, GSP доирасида Европага экспорт амалга ошириладиган бўлса, 70 фоизгача транспорт харажатларини субсидия қилади. Бу умуман бошқа жамғарма. Қолаверса, фракцияда сизнинг ҳамкасбингиз UzAutoMotors'га 137,5 млрд сўм, SamAuto'га 87 млрд сўм берилаётганини айтдилар. Сиз ҳозир мени ёлғончи қиляпсиз, мен вазир имзо қўйган тушунтириш хатидан ўқиб беряпман. Ўзингизнинг ҳамкасбингиз берган жавобдан келиб чиқиб, савол беряпман. Қанақасига бошқа талқиндаги жавоб билан, бу ерда ўтирганларни чалғитяпсизлар?
Ҳамма ўқишни билади, нима керак бор бунақа ёлғоннинг? Ундан кўра тўғри жавобини бера қолинглар. Нима кераги бор, жамоатчиликнинг олдида бизни нотўғри тушунгандай қилиб кўрсатишни? Берамиз денглар, бизнинг эътирозимиз йўқ. Барибир берасизлар. Фақат бугунги кунда бу қанчалик тўғри, деган фикрни сўраяпмиз, холос. Ёлғон маълумотлар билан гапни айлантиришнинг кераги йўқ”, деди Ғаниев.
Илҳом Норқулов эса яна тушунмовчилик бўлганини айтиб, масала бўйича ёлғон гапирмаётганини билдирди.
“Мен яна тушунтириш бериб ўтмоқчиман. Бошидан айтдим сизга, бу ерда сал нотўғри тушуниш бўлган. Бу нарсани биз ҳам ичкарида муҳокама қилдик ва буни Молия вазирлиги ҳамда тегишли корхоналар билан гаплашиб олдик. Сизга аниқлаштирилган жавобни беряпмиз, агар рози бўлсангиз, бу бўйича яна учрашув қилиб, қўшимча маълумот берамиз”, деди Норқулов.
Маълумот учун, 2022 йилги давлат бюджети харажатларини 2 триллион сўмга оширишга оид қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида атиги 2 соат ичида бирданига учта ўқишдан ўтказилиб, қабул қилинди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ўтган йиллардан фарқли ўлароқ бу йил Ҳисоб палатасининг 2023 йил бюджети бўйича Бюджетнома хулосаси ҳам очиқланмаганини танқид остига олган.
Шунингдек, у ўзининг Telegram саҳифасида “Жуда катта тезликда кетяпмиз. Фақат қаерга номаълум, савол берадиганлар ё йўқ, ё эшитилмаяпти”, дея фикр қолдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь