Нега баъзи давлат шифохоналарида нархлар хусусий клиникадан қиммат? Мусаев жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистондаги баъзи давлат тиббиёт муассасаларида хизматлар хусусий клиникалардан 2 баравар қиммат. Жорий йилнинг 11 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Ҳукумат соати”да депутатлар Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевдан шу масалада изоҳ талаб қилди.

Қонунчилик палатаси депутати Ж. Абдурасулов давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизмат нархлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан тасдиқланишини таъкидлаб, Болалар миллий тиббиёт маркази томонидан кўрсатилаётган баъзи хизматлар нархи (койка, лаборатор текширувлар, УЗИ ва бошқа таҳлиллар) хусусий клиникалар нархларидан 2 баробар қиммат эканига эътибор қаратган. 

“Ваҳоланки, туманлардан йўлланма (ордер) билан келган беморларга бепул хизмат кўрсатилса-да, ушбу хизматлар давлат бюджетидан қоплаб берилади. Мазкур нархларнинг ҳисоблаб чиқарилиши учун асос борми? Нархларнинг устидан ким назорат олиб боради?”, деган депутат.

Вазир Мусаев бу саволга жавоб бериб, идора суғурта орқали қоплаш тизимида тажриба орттираётганини айтиб ўтди.

“Масаланинг ичига кириб чуқур таҳлил қилганингиз учун раҳмат. Биз суғурта тизими орқали қоплаш тизимида тажриба орттиряпмиз. Бу бўйича давлат суғурта жамғармасининг бир қатор вазирлик ва идоралардан иборат бошқарув кенгаши бор. Бир ой аввал йиғилганимизда бир қанча харажатларни оптималлаштиришга келишиб олдик. Мен сиз айтган мисолларга яна қўшимча қилмоқчиман.

Мисол учун, урология марказида даволаш протоколи бўйича стационарда даволаниш муддати 12 кун деб белгиланган. Ҳозирги кунда жаҳон амалиёти бўйича урология янги тиббий технологиялар ёрдамида операция қилиниб, уч кундан ортиқ даволанишга ҳожат қолмаяпти. Бир нарсани айтмоқчиманки, Болалар миллий тиббиёт маркази бугунги кунда 50 фоизи давлат бюджетидан, 50 фоизи “хозрасчёт” ҳисобидан фаолият олиб бормоқда. Сиз айтган таърифларни ўзим учун белгилаб олдим.”, деган Мусаев.

Ҳукумат аъзоси белгиланган таърифларни нафақат Болалар миллий тиббиёт марказида, балки бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ишчи гуруҳлар тузиб, оптималлаштириш, соддалаштириш ва харажатларни қисқартириш имкониятлари ўрганлишини қўшимча қилган.

"Натижада, давлат суғурта жамғармасига ажратилган 556 млрд бюджет маблағидан имтиёзли гуруҳга кирувчи касалларни кўпроқ даволаш имкониятига эга бўламиз", дейди Мусаев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг