Нефть ишлаб чиқаришнинг кескин камайиши Саудия ва Россиянинг ўзаро келишувими?
Олам
−
10 Октябрь 2022
5693Ўтган ҳафта Саудия Арабистони Россия билан биргаликда, OPEC+ йиғилишида нефть қазиб олишни кунига 2 миллион баррелга қисқартиришга қарор қилди ва шу билан газ нархини Россия фойдасига кўтарди. Бу “даҳшатли” ҳаракат глобал инфляцияни ёмонлаштиради, АҚШда газ нархини пасайтириш бўйича муваффақиятли саъй-ҳаракатларга путур етказади ва Путиннинг Украинага бостириб киришини янада осонлаштиради. Бу ҳақда “Politico” ёзмоқда.
Саудия Арабистонининг қарори АҚШ учун кескин зарба бўлди, аммо АҚШнинг ҳам жавоб бериш йўли бор: Америка саудияликларга ҳарбий технология етказиб беришни дарҳол тўхтатиб қўйиши мумкин.
Сенатор Ричард Блументал ва вакил Ро Ханна 11 октябрь куни Сенат ва Вакиллар палатасида АҚШнинг Саудия Арабистонига барча қурол-яроғ сотишларини дарҳол тўхтатувчи икки палатали қонун лойиҳасини таклиф қилмоқчи. Бир неча йилдирки, Сенатда шунга ўхшаш таклифлар кўриб чиқилмоқда. Бу сафар Россия ва Саудия Арабистонининг ўзаро “тил бириктириши” ҳаммасини ўзгартириши мумкин.
Ҳайратда қолган энергетика шарҳловчилари саудияликлар ўзларининг хавф остида қолган молиявий даромадлари ҳақида қайғуришган ва оқилона ҳаракат қилишган, деб тахмин қилишди.
Аммо бу даъво асоссиздир. OPEC+ ҳеч қачон катта бозорда бундай рекорд даражадаги қисқартиришни амалга оширмаган. Ишлаб чиқаришни қисқартириш нефть захираларининг барқарор даражада паст бўлишига олиб келади, бу эса нефть нархини ҳар қандай ҳолатда ҳам “осмонга кўтаради”. Бундан ташқари, G-7 нефть нархини чеклаш режаси OPEC’га эмас, Россияга мўлжалланган.
Саудия Арабистонининг бу ҳаракатини, унинг раҳбарлари таъкидлаганидек, аслида мавжуд бўлмаган глобал инқироз билан ҳам оқлаб бўлмайди. Ҳозирда бозорлар жуда авжида, Саудия Арабистони учун 73 фоизлик фойда маржаси мавжуд.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Саудия Арабистони Россия фойдасига АҚШга зарар етказмоқчи бўлмаса, таъминотни камайтиришга шошилинч эҳтиёж йўқ эди.
Сўнгги пайтларда ҳар бир OPEC+ аъзоси катта даромад кўрмоқда – Россия бундан мустасно, чунки у OPEC’нинг энг кам самарали ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Нефть қазиб олиш Россияга 46 доллар/баррелга тушади, аммо АҚШ технологияси билан Саудиянинг нефтга сарфи атиги 22 доллар/баррель.
Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Саудия Арабистони Яқин Шарқдаги энергия хавфсизлиги ва барқарорлиги, глобал иқтисодий фаровонлик ва Эронга қарши минтақавий иттифоқчи сифатида муҳимлигича қолмоқда, аммо бу ҳафта катта хатога йўл қўйди. Мамлакатнинг Россияни қўллаб-қувватлаши АҚШ ва Саудия Арабистони муносабатларини кенг кўламли қайта кўриб чиқишга сабаб бўлиши мумкин.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси