Назарбоевнинг қамоқдаги жияни шартли равишда озодликка чиқаришни сўради

Олам

image

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қамоқдаги жияни Қайрат Сатибалди шартли равишда озодликка чиқиш учун ариза берди. У давлат маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Orda.kz” хабар берди.  

Нашр суҳбатдошларига кўра, Сатибалди Шарқий Қозоғистон вилоятидаги 22-сонли ахлоқ тузатиш бошқармасига шартли равишда озод қилиш тўғрисида ариза юборган. 

“У етказилган зарарни тўлагани ва хулқ-атвори яхши бўлгани учун муддатидан олдин озодликка чиқмоқчи”, дейилади хабарда. 

Қайд этиш жоизки, жазо муддатини ўтаётган маҳкумга агар унинг жинояти терроризм ёки вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ бўлмаса, шартли равишда озод қилиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқи берилади. Бироқ, якуний қарор суд томонидан қабул қилинади. 

Маълумот учун, 2022 йил 26 сентябрда Сатибалди “Казактелеком” АЖ ва “ЦТС” АЖда ўта катта ҳажмдаги ўғирлик учун олти йилга озодликдан маҳрум этилган. У жазони ўртача тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида ўтамоқда. Шунингдек, унга 10 йил давомида давлат ташкилотларидаги юқори лавозимларда ишлаш тақиқланган.

Сотибалди ва жиноят иши бўйича бошқа айбланувчилар жабрланувчи билан воситачилик келишуви тузиб, айбига иқрор бўлиб, етказилган зарарни (жами 500 миллион доллардан ортиқ) қоплаган. Тадбиркор назоратидаги фирмалар “Казактелеком”нинг 28,8 фоиз улушини давлат мулкига қайтарган. 230 миллион доллардан ортиқ эксклюзив қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари ҳам давлатга қайтарилган.

Сентябрь ойида Остона суди Қайрат Сатибалди ва унинг тўрт нафар шеригига нисбатан яна иккита жиноий ишни кўриб чиқишни бошлади. 

“Судланувчилар пушаймон бўлгани ва етказилган зарарни қоплаганлиги сабабли кўриб чиқиш жараёни тезлаштирилган тартибда ўтказилмоқда”, деб ёзади “Orda.kz”. 

Айтилишича, гап солиқ тўлашдан бўйин товлаш, пул ювиш ва рейдлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Нурсултон Назарбоев Қайрат Сатибалди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг