Назарбоев нималар билан банд эканини айтди
Олам
−
30 Май 2022
10264Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев давлат раҳбари лавозимини тарк этгач, глобал ядро хавфсизлиги масалалари устида ишламоқда, бир қанча давлатлар раҳбарлари билан алоқада бўлиб, ўз ҳаёти ва фаолияти хотиралари устида ишламоқда. Бу ҳақда у қозоғистонлик сиёсатшунос Данияр Ашимбаев билан суҳбатда маълум қилди.
“Мен глобал ядровий хавфсизлик масалаларига вақт ажратишда давом этаман. Ядровий арсеналдан воз кечганимиздан кейин Қозоғистон ядровий қуролсизланиш бўйича етакчи сифатида тан олинди. Бундан ташқари, мен ҳаёт ва фаолиятим ҳақидаги хотиралар устида ишлаяпман”, деган у.
Назарбоевнинг сўзларига кўра, 2019 йилда истеъфога чиққанидан сўнг собиқ Президент билан ишлаган кўплаб давлатлар раҳбарлари у билан боғланиб, ўз мамлакатларига ташриф буюришни таклиф қилган.
“Уларнинг барчасидан миннатдорман. Айримлари билан алоқадаман. Бевосита менинг иштироким билан тузилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Туркий давлатлар ташкилоти мени ушбу ташкилотларнинг фахрий раислигига сайлади. Менинг жамғармам ҳам эътибор талаб қилади”, дея қўшимча қилган у.
Собиқ Президентнинг фикрича, сиёсатчи истеъфога чиққанидан кейин унинг нима қилиши муҳим эмас.
“Сиёсатчилар келади-кетади, лекин халқ ва мамлакат қолади. Энг муҳими, мамлакатимиз бундан кейин қандай тараққий этади ва бизни қандай ўзгаришлар кутмоқда. Бугун менинг фикрим, тилакларим ва дуоларим Қозоғистон фаровонлиги, барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши ҳақида. Авлодларимиз биздан кўра кўпроқ иш қилсин. Уларга бу борада чин дилдан муваффақиятлар тилайман”, деб сўзини якунлаган у.
Маълумот ўрнида, Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев 2019 йилнинг 20 мартида президентликдан кетган.
LiveБарчаси