Назарбоев муҳим лавозимдан кетди. Унинг ваколатлари кимга қолади?
Олам
−
28 Апрель 2021
11523Бугун, 28 апрель куни Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат Халқ ассамблеяси раиси лавозимидан кетганини эълон қилди.
“Маълумки, Элбоши тўғрисидаги Конституциявий қонунга мувофиқ, мен Қозоғистон Халқ ассамблеясини (ҚХА) умрбод бошқариш ҳуқуқига эгаман. Буни рад этмайман ва мен доимо сиз билан бирга бўламан. Аммо мамлакатнинг бир қатор ваколатлари Президентга берилган. ҚХА амалдаги Президентнинг ёнида таянч сифатида туриши керак. Ўз навбатида, Давлат раҳбари ҳам ҚХАга суянади”, дейди Назарбоев.
Элбоши, шунингдек, ушбу институт доирасидаги ваколатларини кимга топширганини маълум қилган.
“Мен ҚХАни бошқариш ҳуқуқини Тўқаевга беришга қарор қилдим”, дейди Назарбоев.
Элбоши президентлик муддати 2019 йил 19 мартда тугаганини эслаб ўтган.
“Мен раҳбарият ўзгариши, янги одамлар келиши, янги вазифалар бўлиши керак деб ҳисоблардим. Ҳокимиятнинг давомийлиги масаласи 2019 йилда конституциявий йўл билан ҳал қилинди. Ҳаёт бу қадамнинг тўғрилигини тасдиқлади. Мен ўзим яхши таниган, кўп йиллар бирга ишлаган одамни танладим. Энг муҳими, у ушбу қийин ишга билими, тажрибаси ва ҳаёти билан тайёр эди. Бугун бу танлов тўғри бўлгани тасдиқланди”, дейди Элбоши.
Назарбоев, шунингдек, “йўлда давом этмоқчи” эканини маълум қилган.
“Мен шу билан тўхтаб қолишни истамайман. Бу мен учун ҳам жиддий қадам.Чунки 1995 йилдан бери мен Ассамблеянинг бошида туриб, унга раҳбарлик қилдим. Биз жаҳон инқирозлари, қийинчиликлар орқали қийин йўлни босиб ўтдик. Менинг сиёсатимни доимий равишда қўллаб-қувватлагани учун ассамблеянинг барча аъзоларига раҳмат. Бу, очиғи, мен учун жуда муҳим эди: дадил ишлашим, ўзимга бўлган ишончим ва бошқа ҳамма нарсада”, дея қўшимча қилган Назарбоев.
Қозоғистон халқлари ассамблеяси тарихи
Нурсултон Назарбоев ҚХАни яратиш ғоясини биринчи марта 1992 йилда айтган.
1995 йил 1 мартдан бошлаб Қозоғистон Халқ ассамблеяси давлат раҳбари ҳузуридаги маслаҳат органи мақомига эга эди.
2007 йил май ойида ҚХАга конституциявий мақом берилди. У парламент Мажлисига тўққиз нафар депутатни сайлаш ҳуқуқини олди.
Ассамблея фаолияти қуйидаги вазифаларни ҳал қилишга қаратилган:
- республикада миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, жамиятдаги барқарорликни сақлашга ёрдам бериш;
- давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, Қозоғистон ҳудудида яшовчи турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, уларнинг маънавий ва маданий тикланишига ва тенглик тамойили асосида ривожланишига кўмаклашиш;
- маданиятли ва демократик меъёрларга асосланган фуқароларнинг сиёсий маданиятини шакллантириш;
- давлат юритаётган миллий сиёсатда турли хил миллий манфаатлар ҳисобга олинишини таъминлаш;
- жамиятда вужудга келадиган ижтимоий зиддиятларни ҳал қилиш ечимларини излаш.
LiveБарчаси