Назарбоев китобида Путинни оғзидан бол томиб мақтади
Олам
−
01 Декабрь 2023
7567Сўз ва ишнинг одами бўлган Россия Президенти Владимир Путин ўз мамлакатини жаҳон давлати мақомига қайтарди. Россия етакчисига бундай баҳони Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев берган.
“Қозоғистон-Россия муносабатларида сифат жиҳатидан янги давр Владимир Путиннинг давлат раҳбариятига келиши билан бошланди. Путин мамлакатда тартиб ўрнатди, ҳокимият обрўсини мустаҳкамлади. У яна ўз Ватанини юксакларга кўтарди. Путиннинг президентлиги Россия тарихига алоҳида давр сифатида киришига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Буни унинг душманлари ҳам тан олишади”, деб ёзган Назарбоев ўзининг “Менинг ҳаётим” номли хотиралар китобида.
Унинг айтишича, бошиданоқ у Путин билан умумий тил топган.
Назарбоев Қозоғистон-Россия чегараси муаммосини ҳал қилишда Путиннинг ролини қайд этиб, Қозоғистон мустақиллигининг дастлабки йилларида баъзи рус сиёсатчилари “Қозоқ заминига йиртқич назар билан қараганига” ишора қилди.
“Бу асоссиз даъволарнинг барчасига мен ва Россия Президенти Путин томонидан Қозоғистон-Россия давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг якуний жавоб берилди”, деб эслайди Назарбоев.
Шу билан бирга, Назарбоев 2014 йилда Қозоғистон БМТда Қримни Россиянинг бир қисми сифатида тан олмасликка чақирувчи резолюция бўйича овоз беришда бетараф қолганини эслатди.
“Биз, ҳар қандай мустақил давлат каби, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни очиқ айтдик. Аммо шундан кейин ҳам Россия билан муносабатларимиз нормал ривожланишда давом этди. Бу Владимир Владимирович ҳамкасбларининг фикрини ҳурмат қилишидан далолат беради”, дейди у.
Назарбоев, шунингдек, 2020 йилда Қозоғистон Президенти лавозимини тарк этиб, коронавирус билан касалланганидан кейин Путин унга кўрсатган ғамхўрлигини эслади.
“Россиядан зудлик билан юборилган энг яхши шифокорлар, вирусологлар кечаю кундуз 10 кун ёнимни тарк этмагани ва мени хавфли касалликдан қутқариб қолганини ҳеч қачон унутмайман”, деб ёзган Назарбоев.