Навоийда байрам кунлари ўқитувчилар мажбурий навбатчиликка қўйилгани маълум бўлди

Жамият 3786
image
-

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари байрам кунларида кучайтирилган навбатчиликка жалб этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга туман Халқ таълими бўлими муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Хатирчи туман халқ таълими бўлимига қарашли 22-умумтаълим мактабида ўрганиш олиб борилган. 

Натижада постда келтирилган фактлар қисман тўғри эканлиги аниқланган. Хусусан, ҳудуд профилактика инспектори томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан байрам кунлари мактабларда туну кун навбатчиликни жорий этиш тўғрисида оғзаки топшириқ берилган. Ўз навбатида у мактаб директорларига телефон орқали топшириқни етказган ва рўйхат ташлаб беришни сўраган. Шу тариқа мактабларда 31 августидан 5 сентябргача рўйхат шакллантирилган.

“Юқорида кўрсатилган мактаб ўқитувчилари билан ўтказилган суриштирув натижасида рўйхат шунчаки расмиятчилик учун тузилгани, бирорта ўқитувчи қайд этилган кунларда навбатчиликда турмагани аниқланди”, дейилади туман ХТБ муносабатида.

Мазкур ҳолатлар юзасидан мактаб бланкасидаги хатоликлар тўлиқ бартараф этилиб, ушбу хатоликка йўл қўйган мактабнинг ЧҚБТ раҳбари Н.Рўзиев ҳамда мактаб директори Ж.Қаршиев огоҳлантирилган.

Муносабатда негадир профилактика инспекторининг ҳаракатларига муносабат билдирилмаган. Қачондан инспекторлар мактаб директорларига буйруқ берадиган, навбатчилик ташкил қиладиган бўлди? Инспектор ИИВга, мактаб эса ХТВга бўйсунмайдими? Таълимнинг бошида турганлар ўз ходимларини ҳар хил инспектор-у, назоратчилардан ҳимоя қилолмайдими?

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 153
Рейтинг: 3.1
t
×