Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилади

Жамият

image

“Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Қарор лойиҳасида: 

Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри ва Нурота туманининг чегаралари ўзгариши ҳамда Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритилиши муносабати билан Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш мақсадида:

•    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш;

•    Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида” 2019 йил 2 майдаги 2491-III-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг “Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш;

•    Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги СҚ-419-Ш-сон қарорлари маълумот учун қабул қилиш белгиланган.

Шунингдек, Навоий вилояти таркибида вилоятга бўйсунувчи Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилади. Ташкил этилган шаҳар ҳокимлик бошқарув аппаратининг тузилмаси ҳамда бошқарув ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ–2691-сон қарорига мувофиқ белгиланади.

Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида республика комиссияси тузилади. 

Республика комиссиясига:

•    10 кун муддатда Навоий вилояти таркибида вилоятга бўйсунувчи Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ зарур ташкилий техник тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш;

•    1 ой муддатда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳри бюджетининг ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрларини белгилаш;

•    Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳрини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлаши, шунингдек, юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш топширилди.

Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига икки ой муддатда ташкил этилаётган вилоятга бўйсунувчи Ғозғон шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тузилмаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси юклатилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 2019-2021 йилларда Ғозғон шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинган эди.

Дастурнинг асосий йўналишлари этиб ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш даражаси ва фаровонлигини ошириш, Ғозғон шаҳрини пардоз тош қазиб олиш ва ишлов беришга ихтисослашган саноат шаҳрига айлантириш мақсадида мавжуд фойдали қазилмалар – мармар, гранит конларини ўзлаштириш натижасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳоказолар белгиланганди.

Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирларга барча манбалар ҳисобидан 764,1 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Ғозғон шаҳрининг батафсил режалаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали архитектура қиёфаси тубдан ўзгартирилади, бунда:

•    умумий узунлиги 81,7 километрдан иборат минтақавий йўллар (ички кўчалар) қурилади ва таъмирланади;

•    электр энергия таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 36 километр янги тармоқ ҳамда 15 та трансформатор янгидан ўрнатилади, 11,2 километр тармоқлар ҳамда 7 та трансформатор модернизация ва реконструкция, 25 километр тармоқлар ҳамда 10 та трансформаторлар мукаммал таъмирланади;

•    газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 3 километр тармоқлар ва 12 дона газ тарқатиш қурилмалари реконструкция қилинади ҳамда 125 та янги газ балонлари аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилади;

•    3 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 2 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади ҳамда бунинг натижасида мактабгача ёшдаги болалар қамрови 85 % дан 100 % га етказилади;

•    2 та мактаб реконструкция қилинади, 3 та мактаб биноси ва Ғозғон шаҳар халқ таълими бўлими биноси янгидан қурилади;

•    1 та 100 қатновли қишлоқ оилавий поликлиникаси янгидан қурилади ҳамда бунинг натижасида тиббиёт муассасаларда 8,2 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади;

•    1 та спорт муассасаси қурилади, 1 та спорт муассасаси реконструкция қилинади қўшимча 1,5 минг нафар аҳолига спорт хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;

•    13 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланади ҳамда 10 та янги кўп қаватли уй-жойлар қурилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий вилояти Ғозғон шаҳар

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг