Навбаҳор футбол клуби жазоланиши мумкин
Спорт
−
02 Сентябрь 2020
8978Кеча, 1 сентябрь куни “Навбаҳор лочинлари” ва “Пахтакор” футбол клублари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мусобақа майдонига мухлислар кириши ман қилинганига қарамай, “Навбаҳор лочинлари” клуби стадионга ўз ишқибозларининг киришига рухсат берган. Мухлислар карантин қоидаларига амал қилмагани етмагандек, рақиб жамоанинг аъзолари ва ҳакамларини ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлашган. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Coca Cola суперлига 14-туридан ўрин олган “Навбаҳор лочинлари” — “Пахтакор” футбол клублари ўртасидаги учрашув кўнгилдагидек ўтмаган. Мусобоқага карантин чекловлари туфайли мухлислар киришига рухсат берилмаган. Лекин, “Навбаҳор лочинлари” футбол клуби стадионга мухлислар киритилишига йўл қўйган. Шунингдек, мухлислар томонидан меҳмон жамоа аъзолари ва ҳакамларни ҳақорат қилиш ҳолатлари ёзиб олинган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Бу билан “Навбаҳор лочинлари” футбол клуби томонидан COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўллаш шароитида профессионал футбол машғулотлари ҳамда мусобақаларни ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария-гигиена қоида ва меъёрларининг 4.23-банди, шунингдек, Интизом кодексининг 5.38, 5.40-бандлари бузилгани аниқланди. Ушбу ҳолатни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Этика қўмитасига тақдимнома юборилган.
Эслатиб ўтамиз, икки жамоа ўртасидаги мусобоқа 1:1 ҳисоби билан якунланган.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси