Навальнийнинг ўлими: ЕИ Россияга қарши санкциялар бўйича келишиб олди
Олам
−
19 Март
3680Европа Иттифоқи мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россия адлия тизимининг бир қатор вакилларига нисбатан санкциялар қўллаш бўйича келишиб олди. Бу ҳақдаги қарор кеча, 18 март куни ЕИга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари томонидан қабул қилинди.
Ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель санкциялар Алексей Навальнийнинг ўлимида жавобгар бўлган 30 нафар шахс ва ташкилотга қаратилганини билдирган.
Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари санкцияларни принципиал жиҳатдан маъқуллаган бўлса-да, қонуний кучга эга бўлган қарор ҳали қабул қилинмаган. Батафсил маълумотлар яқин кунларда эълон қилинади.
Қайд этиш жоизки, февраль ойи охирида Буюк Британия россиялик мухолифат етакчисининг ўлимига жавобан жазо чораларини жорий этган биринчи давлат бўлган. Санкцияларга Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган “Қутб бўриси” махсус режимли колонияси раҳбари Вадим Калинин ва беш нафар депутат киритилган. Чоралар Буюк Британияга киришни тақиқлашни ва активларни музлатишни ўз ичига олади.
Шундан сўнг, Қўшма Штатлар ҳам Навальнийнинг ўлимига жавобан шахсий санкциялар киритди.
Чекловлар Федерал жазони ижро этиш хизмати директорининг ўринбосари Валерий Бояринев, Ямало-Ненец автоном округидаги Федерал жазони ижро этиш хизмати бўлими бошлиғи Игорь Ракитин ва 3-жазо колонияси раҳбарига таъсир кўрсатди.
Алексей Навальнийнинг ўлими
Алексей Навальний жорий йилнинг 16 февраль куни Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғидаги “Қутб бўриси” махсус режимли колониясида ноаниқ шароитда вафот этди. Ўлим ҳисоботида сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этгани айтилади. Мухолифатчи тарафдорлари унинг ўлдирилганига ишонади.
Мухолифатчи 1 март куни Москвадаги Борисов қабристонига дафн этилди.
Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Россия Президенти Владимир Путин Навальнийни ўлимидан бир неча кун олдин Ғарб давлатларида қамоқда ўтирган баъзи одамларга алмашишга тайёрланаётганини айтганди.
LiveБарчаси