Навальнийга 20 йиллик қамоқ жазоси сўралди
Олам
−
21 Июль 2023
4214Россияда прокурорлар мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийни экстремизмга оид янги жиноий иш бўйича махсус режимли колонияда 20 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилди. Бу ҳақда Москва шаҳар судининг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилинди.
Сиёсатчи мамлакат Жиноят кодексининг бирданига олти моддаси – экстремистик жамиятни ташкил этиш ва молиялаштириш, экстремизмга чақириш, нацизмни реабилитация қилиш ва вояга этмаганларни хавфли ҳаракатларга жалб қилишда айбланмоқда. Терроризм моддаси алоҳида иш сифатида ажратилган.
Иш Навальний асос солган, прокуратура талабига биноан 2021 йилда экстремистик деб тан олинган ва Россияда фаолияти тақиқланган “Коррупцияга қарши кураш” фонди билан боғлиқ.
Бундан ташқари, прокуратура иш бўйича иккинчи айбланувчи, Навальнийнинг YouTube лойиҳасининг техник директори Даниэль Холодний учун 10 йиллик қаттиқ тартибли колонияда ўташни сўраган.
Ҳукм шу йилнинг 4 август куни эълон қилинади.
Маълумот учун, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний 2020 йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, 2021 йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди.
Кейинроқ “Ив Роше” иши бўйича суд қилинган мухолифатчи 3,5 йилга қамалди. Ўлишига бир баҳя қолган Навальнийнинг ўзи бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.
2021 йилнинг 19 январь куни Навальний томонидан ташкил қилинган Коррупцияга қарши кураш фонди “Путиннинг қасри” ҳақидаги фильмни эълон қилди. У 100 миллион мартадан ортиқ томоша қилинди, ижтимоий тармоқлар эса шу мавзудаги мемларга тўлиб кетди. Ҳукумат унинг қаср эмас, апарт-меҳмонхона эканлигини ва унга Путин эмас, балки унинг дўсти Аркадий Ротенберг эгалик қилишини маълум қилди.
Москванинг Симонов туманлараро суди 2 февралда Навальнийни “Ив Роше” иши бўйича айбдор деб топиб, унинг жазони колонияда ўташи ҳақида қарор чиқарганди. Москва шаҳар суди 20 февралда қарорни қонуний деб топди ва суд ҳукми кучга кирди.
Кейинроқ мухолифатчига нисбатан яна бир жиноий иш очилган. 2022 йилнинг март ойида у ўта катта миқдордаги фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик моддалари бўйича 9 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинган.
Россияда 2022 йил октябрь ойида Алексей Навальний ва унинг қатор шерикларига қарши экстремизм бўйича жиноий иш очилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь