Қуръонни ёққан провакатор ўлими, Жўлонийнинг Путинга талаби, элиталарнинг миллатчиликка мойиллашуви – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

АҚШда бошланган қаттиқлаштирилган миграция сиёсати шамоли Германияда эсиш арафасида. Бу дунёнинг қудратли давлатларида ўнг миллатчилар аста-секин таъсир доирасини кенгайтираётганидан далолатми деган саволни кун тартибига қўймоқда. Сурияда эса Жўлоний президент деб эълон қилинди. Энди у расман Суриянинг янги раҳбари ҳисобланади. Мамлакатда давлат рамзларидан тортиб конституция, мудофаа ва бошқа қатор соҳалар тубдан реформа қилиниши таъкидланди. Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида бюрократик тўсиқлар омили билан картошка чириб қолган пайтда, расмий Тошкент, Туркия ва Озарбайжон ўртасида транспорт ва иқтисодий масалаларда Анқара декларацияси имзоланиши туркий давлатлар интеграциясида яна бир катта қадам бўлди.

Миллатчилар “отни эгарлаяпти”. Бу нацизмнинг қайтишими?

АҚШда жуда қаттиқ режимда амалга оширилаётган депортация сиёсати ўзининг янги қирраларини намоён қилишда давом этяпти. Президент Дональд Трамп АҚШ хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган 30 минг ноқонуний муҳожирни Куба ҳудудидаги Гуантанамо ҳарбий базасига жўнатишини айтди. У Мудофаа ва Ички хавфсизлик вазирликларига Гуантанамо базасида 30 минг нафар одамни жойлаштириш учун инфратузилмани тайёрлашни бошлаш бўйича кўрсатма берувчи фармон имзолашини маълум қилиб, бу ерда шунча маҳбусни сақлаш учун жойлар мавжудлигини айтди. Гуантанамонинг тарихи эса бевосита 2001 йил 11 сентябрда АҚШда юз берган терактга бориб тақалади. Кубадан ижарага олиниб, АҚШ денгиз кучларига хизмат қилиниши кўзда тутилган бу базада 2002 йилда террорчиликда айбланган маҳбуслар сақланадиган лагерь барпо этилади. Маълумотларга кўра, бу ерда 48 давлатдан 780 нафар шу каби маҳбуслар ушлаб турилган, кейинчалик уларнинг 756 нафари бошқа жойларга кўчирилган. Бундан ташқари, Гуантанамода 9 нафар маҳбус ҳибсдалик пайтида вафот этган ва айни дамда бу ерда бор-йўғи 15 маҳбус сақланаётгани айтилади. Бу ҳибсхона инсон ҳуқуқларининг топталиши, қийноқлар ва бошқа кўплаб айбловлар билан танилган. Шунинг учун 30 минг ноқонуний муҳожирни Гуантанамода сақлашни режалаштирилиши Трамп депортацияси эндиликда ростманасига шафқатсиз кўриниш олганини билдиради. Трампнинг ноқонуний муҳожирлар ишига бундай ёндашиши унинг манзилига юқори доиралардан миллатчилик билан боғлиқ норозиликлар ёғилишига олиб келди. Хусусан, Колумбия Президенти бу борада Трампни қаттиқ танқид қилиб, уни ўтмишдаги “оқ танли қулдор”ларга тенглаштирганди. Албатта, Густаво Петронинг бу эътирози колумбияликларнинг худди жиноятчи каби АҚШдан икки ҳарбий самолётга ортилиб, Колумбияга жўнатилиши ортидан янграганди. Ўзи бусиз Илон Маскнинг сўнгги пайтлардаги хунук ҳаракатлари оқибатида Трампнинг янги маъмуриятига нисбатан шубҳалар уйғоняпти. Бу Маскнинг омма олдида натсистик “зига” ишорасини очиқдан очиқ кўрсатгани ортидан янада кучайди.

Миграция билан боғлиқ улкан чекловлар фақатгина АҚШ билан чегараланиб қолмаяпти. Дунёнинг яна бир йирик иқтисодиёти Германияда ҳам мухолифат миграция сиёсатини тубдан қатъийлаштиришга қаратилган резолюциянинг қабул қилинишига эришди. Бундестаг депутатларининг кўпчилиги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) блоки томонидан илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватлади. Ҳужжат доимий чегара назоратини қайта жорий этиш, бошпана беришдан чегаранинг ўзидаёқ воз кечиш имконияти ва депортация қилиниши лозим бўлган чет элликларни ҳибсга олиш чораларини ўз ичига олади. Мухолифат блогининг бундай ташаббус билан чиқишига ортда қолган кунлар давомида муҳожирлар томонидан мамлакат ҳудудида содир этилган қатор шов-шувли жиноятлар сабаб бўлган. Масалан, жорий йил 22 январь куни Бавариянинг Ашаффенбург шаҳрида 28 ёшли афғонистонлик шахс мамлакатда бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда кўчада одамларга пичоқ билан ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида икки ёшли бола ва 41 ёшли эркак ҳалок бўлди, яна уч киши, жумладан бир бола жароҳат олди. Бундан бир ой олдин, 2024 йил 20 декабрь куни Магдебург шаҳрида теракт содир бўлди: бир автомобиль катта тезликда Рождество ярмаркасидаги оломон устига ёпирилди. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳат олди. Ҳужум қилган шахс Саудия Арабистонидан келган 50 ёшли қочқин бўлиб, у Германияда бошпана олувчи мақомига эга бўлган. Шу боис Германия ва АҚШда муҳожирларга нисбатан кўрилаётган ва кўрилиши кутилаётган чора-тадбирлардаги шарт-шароит ҳамда сабаблар қатор ўхшашликларга эга дейиш мумкин.

Аммо асосийси бу эмас. Мазкур тенденция шуниси билан хавотирлики, Германияда муҳожирлар сиёсатини қаттиқлаштирадиган қонун лойиҳасини ўтказиш учун ташаббускорлар Бундестагдаги ўта ўнглар, содда қилиб айтганда, миллатчиларнинг қўллаб-қувватлашига таянганидир. Бу Бундестаг тарихида биринчиси экани қайд этилди. Қизиғи шундаки, бу лойиҳанинг қабул қилинишига канцлер Олаф Шольц ҳам тўсқинлик қила олмаган. Овоз беришдан олдин канцлер Олаф Шольц депутатларни резолюцияни рад этишга чақирди. Бироқ якунда 348 депутат ҳужжатни қўллаб-қувватлади, 345 киши қарши овоз берди, яна 10 киши бетараф қолди. Мухолифат блоки ташаббуси “Озод демократик партия” ва ултра ўнг популистик “Германия учун муқобил” партияси вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Қарши овоз берганлар эса Германия социал-демократик партияси (ГСДП), “Яшиллар” (“Бирлашган 90/Яшиллар”) ва Чап партия вакиллари эди. Дунё ОАВ бу ҳодисани сенсация сифатида баҳоламоқда. Ҳатто собиқ канцлер Ангела Меркель ҳам ХДИ етакчиси Фридрих Метзни ўта ўнг “Германия учун муқобил” партиясидан ёрдам олгани учун танқид қилди. Меркель айтгани каби бундай ҳолат Бундестаг тарихида илк бор содир бўлди. Шундай қилиб, ўнглар ёки ҳеч бўлмаса, ўнгларга яқин тафаккур намойиш қилувчи элиталар бугун аста-секин ўз мамлакатларида жиловни қўлга олмоқда. АҚШда Трамп айни дамда миллатчилик руҳини кўрсатяпти, Германияда эса Олаф Шольцнинг ўрнига келиш эҳтимоли бор бўлган мухолифат етакчиси Фридрих Метз ултра ўнглар билан бир ёқадан бош чиқаряпти. Илк бор фашизм пайдо бўлган Италия ҳукумати тепасида эса аллақачон миллатчилар.

Жўлоний энди президент. Сурияни тубдан қайта қуриш бошланди

29 январь куни Сурия маъмурияти раҳбари, 2024 йил сиёсий майдонда “супер юлдуз”га айланган Жўлоний мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинди. Суриянинг янги ҳукумати аввалги конституцияси бекор қилинганини ва парламент барча хавфсизлик хизматлари ва қуролли тузилмалар тарқатиб юборганини эълон қилди. Жўлоний айни дамдаги Сурия учун устувор вазифаларни айтиб, уларга ҳокимиятдаги бўшлиқни тўлдириш, фуқаролар тинчлигини сақлаш, давлат институтларини қуриш, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун асос яратиш ҳамда Суриянинг халқаро ва минтақавий майдондаги мавқейини тиклаш кабиларни санаб ўтди. Мамлакатнинг 2012 йилги конституцияси бекор қилингандан сўнг Жўлонийга берилган ҳозирги президентлик ваколатлари Сурияда янги конституция қабул қилингунга қадар амал қилиши белгиланди. Шунингдек, мамлакат ҳукумати собиқ президент Башар Асад даврида қабул қилинган айрим қонунларни бекор қилди. 8 декабрни эса Сурия тарихида “Буюк Сурия инқилоби” ғалабаси куни деб эълон қилинди. Бундан ташқари, 1963 йилдан буён ҳукмронлик қилиб келган Баъас партияси тугатилиб, ушбу партияни бошқа ном остида қайта ташкил этиш ҳам тақиқланди.

Мамлакатни қайта қуриш жараёни нафақат бошқарув тузилмаларида, балки атрибутларда ҳам жадаллашган. Хусусан, Суриянинг миллий герби, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари янгиланиши айтилмоқда. Қайд этилишича, Mpire Agency брендинг ва маркетинг компанияси асосчиси Муҳаммад Селвае бошчилигидаги 50 нафар кўнгиллилар гуруҳи Суриянинг шахсий гувоҳномалари, паспортлари, расмий ҳужжатлари ва миллий логотипини қайта лойиҳалаштирмоқда. Шунингдек, давлат муассасаларининг валюта ва рамзлари дизайнига ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётгани айтилди. Қайд этилишича, ушбу ишга қўл урган кўнгиллилар гуруҳи тарихчилар, тадқиқотчилар ва олимлардан иборат. Лойиҳа эса 3-4 ой ичида якунланиши кутилмоқда. Жамоа аъзолари лойиҳа тафсилотлари сизиб кетишининг олдини олиш учун махфийлик шартномасини имзолаган. Бундан олдин эса энг аввал янгиланган давлат рамзи – мамлакат байроғи бўлганди. Суриянинг давлат байроғи Шара бошчилигидаги янги раҳбарият ҳокимият тепасига келган дастлабки кунлардаёқ ўзгартирилган эди. Дастлаб Германия пойтахти Берлинда, кейинчалик эса Париждаги Сурия элчихонаси биносидаги эски давлат байроғи яшил чизиқли янгисига алмаштирилганди.

Бундан ташқари, Аҳмад аш-Шара аллақачон мамлакатга ташриф буюрган илк хориж давлати раҳбарини ҳам қарши олишга улгурди. Сурияга ташриф буюрган дастлабки хорижлик раҳбар Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний бўлди. Сурияга биринчи бўлиб ташриф буюриши кутилган раҳбар сифатида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған тахмин қилинганди. Бироқ Қатар Амири ушбу тахминларни йўққа чиқарди. Яқин ўтмишда Қатар ва Башар Асад режими ўртасидаги муносабатлар расмий Доҳада фуқаролар уруши пайтида мамлакат жануби-шарқидаги Асадга қарши сунъий исёнчиларни қўллаб-қувватлаш айблови ортидан инқирозга учраганди. Бу эса ўз-ўзидан дипломатик алоқаларнинг тўхтатилишига ва Сурия ерларидан ўтиши лозим бўлган Қатар-Туркия газ қувури лойиҳасининг барбод бўлишига олиб келганди. Бироқ Асад режими ағдарилгач, Доҳа Анқара ортидан зудлик билан Дамашқдаги элчихонасининг фаолиятини қайта йўлга қўйди.

Сурияни янгитдан қайта бунёд этиш ва дунё ҳамжамиятига интеграциялаш қанчалик тез суръатларда давом этмасин, қочқин Асад даврида йиғилиб қолган талай муаммолар туфайли бугунги вазият ҳалигача маълум маънода мураккаб дейиш мумкин. Олдинда Шарани қилиниши зарур бўлган қатор ишлар ва келишувлар кутиб турибди. Масалан, март ойида янги ҳукумат шаклланишини охирига етказиш, айни дамда ўзининг “тайинланган” президент мақомини “сайланган”га ўзгартириш ва мамлакатнинг янги конституциясини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир. Шара эса сайловларни ўтказиш учун тўрт йил, мамлакат конституциясини қайта ёзишга эса уч йил кераклигини айтганди. Аммо булар бошқа жиддий муаммолар олдида анча соддалик қилади. Чунки Шара қаршисида йирик ташқи кучларнинг манфаатлари йўлида сочилиб кетган Сурия ҳудудларини битта ҳокимият остида бирлаштириш ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш каби ҳаётий зарурат турибди. Бугун Суриянинг деярли учдан бир қисми ҳали ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган курдлар қўл остида қолмоқда. Шимолда Туркия қўлловидаги “Сурия миллий озодлик армияси” ҳукмрон. Мамлакатнинг жануби-шарқидаги нисбатан кичик ҳудуд эса араб мамлакатлари томонидан молиялаштириладиган сунъий исёнчилар назоратида. Булар ичида ҳеч шубҳасиз, курдлар энг асосий муаммо ҳисобланади. Ўтиш даври ҳукумати ҳокимиятни ички мустаҳкамлашга ҳаракат қилар экан, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган “Сурия демократик кучлари” номи остида ноқонуний фаолият олиб борадиган курд жангарилари билан музокаралар олиб бормоқда. Ҳозирча ўртадаги музокараларда кўп нарса аниқ эмас. Оммага фақатгина курд кучлари яқин йилларда ташкил этилиши режалаштирилган 300 кишилик янги Сурия армияси таркибида мустақил бўлинма бўлишни истаётгани маълум, холос. Аммо бу армиянинг барпо этилишида Туркия асосий инструктор экани инобатга олинса, курдлар иложсиз нарсага эришмоқчидек туюлмоқда. Шунингдек, расмий Анқара мамлакат хавфсизлиги учун асосий таҳдид деб ҳисоблайдиган ушбу курд жангариларига қарши кенг кўламли ҳарбий операция ташкил қилишнинг пайида, деган хабарлар ҳам йўқ эмас. Туркия расмий доиралари курд террорчилари ўзларининг ҳарбий мавжудлигини йўқотмайдиган бўлса, зарур бўлган барча чораларни қўллаш ҳақида бир неча бор жиддий огоҳлантиришлар билан чиққан. Бу ва бошқа факторлар Сурия ерларида бундан кейин тўқнашувлар бўлишини истамайдиган Аҳмад аш-Шара олдида жуда узоқ муддатли мураккаб музокаралар турганидан далолатдир.

Бугунги Сурия Россиядан “эски айбларини ювишни” талаб қилди

28 январь куни Россия делегацияси Сурияда ҳокимият алмашганидан кейин илк бор. Дамашққа ташриф буюрди. Ташриф давомида Россия вакиллари Суриянинг янги ҳокимияти аъзолари билан музокаралар ўтказган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан бўлган брифингда ушбу музокаралар ҳақида юзаки маълумот берди. Аммо ундан ушбу музокараларда Сурия расмийлари Россиядан Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни экстрадиция қилиш ва Россиянинг ортда қолган йиллар давомида Сурия ерларида ўтказган ҳарбий амалиётлари учун компенсация талаб қилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бериш сўралган. Аммо Песков бунга ҳеч қандай изоҳ бермаслигини айтган. Албатта, бу Асадни Сурияга топшириш ва товон пули ҳақидаги гаплар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмади. “Reuters” нашри Дамашқ шаҳрида Россия ва Сурия вакиллари билан бўлган учрашувда Суриянинг янги етакчиси Аҳмад аш-Шара Россия вакилларидан собиқ президент Башар Асадни топширишни талаб қилгани ҳақида хабар берганди. Нашрга кўра, аш-Шара Асадни қайтаришдан ташқари, қўшимчасига мамлакатдаги фуқаролар урушида уни қўллаб-қувватлагани учун Россия томонига “товон тўлаши” кераклигини ҳам билдирган. Шунингдек, Россия музокаралар давомида мамлакатдаги иккита ҳарбий базасини сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Қолаверса, учрашувда Россия томони Сурияда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Суриянинг янги расмийлари эса Россия билан муносабатларни тиклашда ўтмишдаги хатоларни ҳисобга олиш, Сурия халқининг иродасини ҳурмат қилиш ва уларнинг манфаатларига хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган.

Суриянинг янги ҳукумати Россияга талаб қўяётган бир пайтда Грузияда ҳам Сурия учун ўзига хос талаб пайдо бўлди. Грузиянинг 4 та асосий мухолифат партияси эндиликда Суриянинг янги президенти Аҳмад аш-Шарага мурожаат йўллаб, Асад режими даврида Грузиянинг Россия томонидан босиб олинган ва кейинчалик “мустақил” деб эълон қилинган икки ҳудуди Абхазия ва Жанубий Осетиянинг бундай мақомини тан олмасликка чақирди. Грузиянинг босиб олинган мазкур икки ҳудудини давлат сифатида ташқи дунёда бирон-бир нормал давлат тан олмаган. Фақатгина Россиянинг ўзи, Венесуэла, Никарагуа ва Асад режими кабилар бундан мустасно эди. Россия ва Эрондан ташқари борар ва мулоқот қиладиган бирон-бир давлати деярли йўқ бўлган Асад 2018 йилда шундай аҳмоқона қарорга қўл урганди. Грузиядаги мухолифат партиялар Суриянинг янги раҳбариятини Асад режими даврида қабул қилинган айнан шу сиёсий қарорни қайта кўриб чиқишга чақирмоқда. Аммо бу ерда энг ачинарлиси шундаки, бу талаб айни дамда Грузиядаги ҳукмрон “Грузия орзуси партияси” томонидан эмас, балки мухолифат ташаббуси билан янгради. Шунинг ўзи бугун Грузияни аслида кимлар бошқараётгани хусусида шубҳаларни янада жонлантиради. Чунки миллиардер Бидзина Иванишвили томонидан парда ортидан туриб бошқариладиган бугунги Грузия ҳукумати Кремлнинг контрацептив воситаси деган қарашлар керагидан ортиқ. Бу сафар ҳам улар ўзига нисбатан мавжуд шубҳа-гумонларни аритишда анча кеч қолди. Мухолифат улардан анча илдам ҳаракат қилди.

“Тошкент-Анқара-Баку учлиги”

29 январь куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистоннинг уч соҳадаги, хусусан, Ташқи ишлар, савдо-иқтисодиёт ва Транспорт вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди ва учрашувнинг якуний декларацияси имзоланди. Маълумотга кўра, декларация транспорт ва минтақавий коммуникациялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ҳаракат режасини ўз ичига олади. Ҳужжатда бир қатор муҳим бандлар қайд этилган. Жумладан, суверенитет ва ҳудудий яхлитликка қарши қаратилган уринишларга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш, Ўрта коридорнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича эълон қилинган қарорни олқишлаш, уни қатъий бажаришга чақириш ва Исроил-Фаластин можаросини икки давлат принципига асосланган ҳолда ҳал этишни ва Озарбайжоннинг Қорабоғ ва Шарқий Зангезурда олиб бораётган тиклаш ва миналардан тозалаш ишларини қўллаб-қувватлаш кабиларга келишиб олинди. Бундан ташқари, ушбу учрашувда иштирок этган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов тадбирдан сўнг уч давлат Ташқи ишлар вазирларининг қўшма матбуот анжуманида Трансафғон темирйўли глобал таъминот занжирининг бир қисми бўлишини таъкидлади. Саидов Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия, Европа давлатлари халқаро мултимодал юк ташиш йўлаги имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали юк ташиш ҳажмини ошириш юзасидан фикр алмашилганини таъкидлади. Кўриниб турибдики, бу учрашувнинг асосий мавзуси транспорт ва коридорлар бўлган. Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг манфаатлари муштараклашган йўл эса бу Ўрта коридордир. Бу йўналиш Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён Хитойни Марказий Осиё ва Кавказорти орқали Европа билан боғлайдиган энг асосий йўллардан бирига айланди. 1991 йилда совет Иттифоқининг қулаши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказга глобал савдода воситачи сифатида ўз ролларини қайтариб олиш учун эшик очди. 2013 йилда Озарбайжон, Грузия ва Қозоғистон ўрта коридор учун замин яратиб, минтақанинг савдо инфратузилмасини тиклашга содиқ қолишди. Украинага босқин бошланганидан сўнг Ўрта коридор бўйлаб юк ташиш кескин ўсди. Ўрта коридор дунёда мавжуд бошқа йўналишларга нисбатан бир қатор устунликларга эга. Масалан, мазкур қуруқлик йўли сув йўналишида Сувайш канали орқали юкларни ташишдан кўра анча тез. Шу кунгача Россия ва Беларусь орқали ўтадиган йўл Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё йўналиши учун кучли муқобил рақиб эди. Аммо Ғарб санкциялари эски Ипак йўлининг Ўрта коридор кўринишида қайта жонланишига олиб келди. Бироқ Ўрта йўлак масаласида қатор муаммолар ҳам йўқ эмас. Асосий муаммо Каспий денгизининг сув сатҳи билан боғлиқ бўлиб, унинг тез-тез пасайиши кемаларни камроқ юк ташишга мажбур қилган ҳолда йўналишнинг самарадорлигига таъсир қилиши мумкин. 

Швецияда пул учун Қуръони Каримга қилган ҳужумлари билан танилган ироқлик Салван Момика 29 январь куни Стокгольм шаҳри чеккасида жойлашган Сёдертельедаги уйида отиб ўлдирилди. “Reuters”га кўра, соат 23:00 дан кейин отишма ҳақидаги хабарлардан сўнг Ховшё тумани ҳудудига полиция ва тез ёрдам чақирилган. Швеция матбуотига кўра, ҳалок бўлган шахс Қуръон китобини ёқиб юборган Салван Момика бўлган. Қотиллик содир бўлган вақтда у TikTok орқали жонли эфирда бўлган. Ишда Швеция Хавфсизлик полицияси иштирок этмоқда. 38 ёшли Момика 2023 йилда Ислом динига қарши норозилик сифатида мусулмонларнинг муқаддас китобини бир неча бор оммавий равишда ёқиб юборгани билан Швециядан ташқарида ҳам оммага танилган эди. Унинг мамлакат расмийлари ҳомийлигида амалга оширилган ҳаракатлари бутун дунёда акс-садо берди ва баъзи мамлакатларда норозилик намойишлари, айниқса, шиддатли тус олди ва ғазабланган одамлар Швеция элчихоналарига бостириб кирди. Швеция элчисидан Ироқни тарк этиш сўралди. Ироқда Салван Момиканинг она шаҳри Ал-Куфа маъмурияти уни ўлдирган ҳар бир кишига икки миллион доллар мукофот ва икки килограмм олтиндан ясалган Қуръон китобини таклиф қилган. Бағдод ҳукумати уни экстрадиция қилишни талаб қилган. Муқаддас Қуръони Каримнинг Салван Момика томонидан ёқиб юборилиши ортидан АҚШ, Европа Иттифоқи, Рим Папаси, Шавкат Мирзиёев ва яна қатор расмийлар бу ҳолатни кескин қоралаб чиққан эди.

Буларнинг барчаси Швецияда дипломатик инқирозга олиб келди ва ўша йилнинг август ойида Хавфсизлик полицияси террорчилик таҳдиди даражасини беш балли шкала бўйича учдан тўртга кўтарди. Салван Момика Швецияга 2018 йилнинг баҳорида борган эди. 2023 йилнинг кузида унинг вақтинчалик яшаш учун рухсатномаси бекор қилинди ва у Норвегиядан бошпана сўради, бироқ Швецияга қайтарилди ва у ерда 2024 йилда бир йиллик яшаш учун рухсатнома олди. Швециянинг Миграция агентлиги, агар у ватани Ироққа қайтса, унга қилинадиган қийноқлар жуда хавфли эканини маълум қилди. 2024 йилнинг августида у Швецияда этник гуруҳга қарши гижгижлашда айбланган. Иш бўйича қарор бугун, 30 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да эълон қилиниши керак эди, бироқ энди суд келаси ҳафтага, 3 февралга қолдирилди. Стокгольм туман судининг ҳужжатларида Салван Момиканинг вафот этгани тасдиқланганидан сўнг янги ҳукм чиқариш учун кўпроқ вақт талаб этилиши қайд этилган. Мамлакат радиосига кўра, Момиканинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган беш киши ҳибсга олинган. Шу тариқа ахлоқсиз ва манфур ишларни сўз эркинлиги сифатида талқин қилган Момика ҳаётининг сўнгги лаҳзалари мана шундай кўриниш олди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Башар Асад миграция сиёсати Сурияда Жўлоний нацизм “Тошкент-Анқара-Баку учлиги”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг