НАТО Россияга талаб қўйди
Олам
−
19 Февраль 2022
27487НАТО Европада хавфсизликни таъминлаш ва Украина чегарасидаги қўшинларини ортга қайтариш борасида Кремлдан жиддий қадам ташлашни талаб қилди. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси Бош котиби Йенс Столтенберг бугун, 19 февраль куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтган хавфсизлик бўйича конференция давомида маълум қилган.
“Биз Россияни Украина чегарасидан қўшинларини ортга қайтаришга даъват қиламиз. Бу тинчликни таъминлаш борасида қўйилган илк ижобий ва муҳим қадам бўлади”, деган НАТО Бош котиби.
Столтенбергнинг таъкидлашича, альянс минтақада хавфсизликни кафолатлаш борасида Москва билан музокаралар ўтказишга умид қилишда давом этади.
“Мен яна бир бор ўз таклифимни такрорлаб, Россияни минтақада хавфни камайтириш ҳамда оддий ва ядровий қуролларни назорат қилиш борасидаги масалаларни муҳокама қилиш учун бир қатор учрашувлар ўтказишга чақираман”, деган Столтенберг.
У яна Кремлни Украина атрофидаги зиддиятни ҳал қилиш учун дипломатия йўлини танлашга чақирган. Унга кўра, “бундай мантиқли музокаралар йўлини танлаш нафақат бутун Европа, балки Россиянинг ўзи учун ҳам хавфсизлик кафолати доираси жуда муҳим”.
Бундан ташқари, НАТО раҳбари Россиянинг альянсга Шарқий Европа томон кенгаймаслиги борасида қўйган талабини инкор қилишини билдириб, Европада хавфсизликни НАТО иштирокисиз таъминлаб бўлмаслигини урғулаган.
"Ҳозирги инқироз Европа хавфсизлиги учун трансатлантик муносабатлар ўта муҳимлигини кўрсатмоқда. Икки жаҳон уруши ва Совуқ уруш бизга кучли трансатлантик алоқаларсиз Европада ҳақиқий хавфсизлик йўқлигини ўргатди", дея маълум қилган НАТО Бош котиби.
Шунингдек, у бундай ҳамкорлик доирасида НАТО аъзолари “демократик ҳаёт тарзи”ни ҳимоя қилишда давом этишини қўшимча қилган.
“НАТО билан биргаликда, Европа ва Америка ҳам 70 йилдан кўпроқ вақт мобайнида давом эттириб келаётганидек, тинчликни сақлаш ва демократик ҳаёт тарзини ҳимоя қилиш позициясида содиқ қолади”, деган альянс Бош котиби.
LiveБарчаси