НАТО Бош котиби Зеленский ва Украина урушни тўхтатса нима бўлишини айтди

Олам

image

Агар Украина Президенти Владимир Зеленский урушни тўхтатса, мамлакат мустақил давлат сифатида мавжуд бўлмай қолади. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг DW Conflict Zone дастурида айтиб ўтди.

“Биз Россиянинг ҳаракатларига, у ерда ким бўлишидан қатъи назар, муносабат билдирамиз. Ва биз уларни бу урушни тўхтатишга ундашда давом этамиз.Бу урушни бошлаган Президент Путин эди ва айнан у эртага ўз қўшинларини олиб чиқиб, уни тугатиши мумкин. Шуни ёдда тутишимиз керакки, агар Путин ва Россия урушни тўхтатса, тинчлик бўлади. Агар Президент Зеленский ва Украина урушни тўхтатса, Украина мустақил давлат сифатида мавжуд бўлишни тўхтатади. Ва биз бундай бўлишини хоҳламаймиз. Шунинг учун биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Столтенберг.

Унинг таъкидлашича, НАТОнинг энг устувор вазифаси Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишдир. Столтенбергнинг айтишича, жанг майдонидаги ғалаба Украина Қуролли Кучларининг хизмати, аммо НАТО кўмагисиз улар бу муваффақиятларга эриша олмаган бўларди ва русларни, сўнгги ҳафталарда бўлгани каби, ортга суриб ташлолмас эди.

Бундан ташқари, Столтенберг НАТОни қўрқитиш ёки Россиянинг ядровий шантажига кўникишга мажбурлаш мумкин эмаслигини айтди. Унинг қайд этишича, Россия Федерацияси таҳдидлари ҳамкорларни шантаж қилиш ва уларни Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишга мажбур қилишни кўзлаган.

Шу билан бирга, Бош котиб Украинага қарши ҳар қандай ядро қуролини қўллаш хавфи паст эканлигини таъкидлади. 

“Бироқ, уни эҳтимолий қўллашнинг таъсири ва оқибатлари жуда катта. Шунинг учун биз бу таваккалчиликни жиддий қабул қилишимиз керак”, деди у.

Столтенберг ядро урушида ғалаба қозониб бўлмайди, шунинг учун уни ҳеч қачон бошламаслик кераклигини айтди. НАТО Бош котиби Россия Федерациясининг эҳтимолий ядровий ҳужумига альянс қандай жавоб бериши ҳақида батафсил маълумот бермади.

“Бу кўп жиҳатдан ҳужум турига, вазиятга, контекстга боғлиқ бўлади, лекин биз ҳеч қачон потенциал рақибга қандай муносабатда бўлишимизни билиш имтиёзини бермаймиз. Улар бунинг жиддий оқибатларга олиб келишини билишади. Ва биз бу хабарни охирги ҳафталарда бир неча бор такрорладик”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

334

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг