НАТО Бош котиби Анқара Швеция ва Финляндия аризаларини маъқуллашига умид қилмоқда
Олам
−
05 Ноябрь 2022
2185НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Финляндия ва Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳақидаги аризаларини Туркия парламенти имкон қадар тезроқ тасдиқлашига умид қилмоқда. Бу ҳақда у бугун, 5 ноябрь куни “NTV” телеканалига берган интервьюсида Туркияга уч кунлик ташрифи якунида маълум қилди. Интервьюда икки шимолий давлатни НАТОга қабул қилиш масаласи муҳокама қилинди.
“Биз Финляндия ва Швециянинг Мадридда имзоланган меморандум шартларини бажарганини кўрмоқдамиз. Уларнинг иттифоққа қўшилиш вақти келди, мен Туркиянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризаларини имкон қадар тезроқ тасдиқлашини кутаман”, деган Столтенберг.
Унинг фикрича, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишидан иттифоқнинг ўзи ҳам, Туркия ҳам фойда кўради.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жума куни Истанбулда НАТО Бош котиби билан учрашувда Анқара Финляндия ва Швециянинг иттифоққа қўшилиш ҳақидаги аризаларини маъқуллаши уларнинг терроризмга қарши кураш бўйича Мадрид меморандуми доирасидаги мажбуриятларини бажаришига боғлиқлигини айтди.
Жорий йилнинг май ойида Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Бироқ, Туркия курд ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, террорчиликда ёки 2016 йилда мамлакатдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланган шахсларни экстрадиция қилишни ва уларга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнига тўсқинлик қилишга уринган.
28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти, Финляндия Президенти Саули Ниинистё ўша пайтда Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон билан альянс Бош котиби ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар давомида номзодларга НАТО аъзолигига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Анқара аввалроқ Финляндия ва Швеция билан имзоланган меморандум якуний эмаслигини ва Туркия парламенти уни маъқулламаслиги мумкинлигини айтган эди.
Қувончбек Ғайбуллаев
LiveБарчаси