“Насаф” мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг аккредитацияси олиб қўйилди. Нега?

Спорт

image

Ўзбекистон Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган “Насаф” – “Локомотив” учрашуви якунига этгач мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев ҳакамлар жой олган майдон марказига қараб бориб, уларга нисбатан номақбул ҳаракатларни амалга оширгани учун вақтинчалик аккредитацияси олиб қўйилди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув якунига етгач мазкур масала юзасидан бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев ҳамда ЎзПФЛ комиссари билдирги тақдим этган. Унда қайд этилишича, учрашув якунига етиши билан “Насаф” футбол клубининг қатор футболчилари ҳамда бош мураббий Рўзиқул Бердиев ҳакамлар бригадасини ўраб олган. Бу вақтда бош мураббий бош ҳакам либосини қўпол тарзда тортган ҳамда унинг қорин қисмига зарба берган. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ Рўзиқул Бердиевга берилган аккредитацияни тегишли қўмиталар мазкур вазиятни ўрганиб чиққунига қадар қайтиб олди. Бош мураббий Ўзбекистон кубогининг чорак финали доирасида “Локомотив”га қарши учрашув қайдномасига киритилмайди.

Чемпионатнинг 18-турини ўтказиш учун “Насаф” 10 сентябрь куни Олмалиқ шаҳрига ташриф буюради. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ тегишли қўмиталар иштирокидаги йиғилишни 9 сентябрь куни ўтказиш таклифини ЎФАга киритди. Бунда қарор бир томонлама кўриб чиқилмаслигини таъминлаш мақсадида қўмиталар йиғилишига Рўзиқул Бердиев ва Аҳрол Рисқуллаевнинг ўзи ҳам таклиф этилиши кўзда тутилган.

Байрам сабабли дам олиш кунларининг аввалдан белгилаб қўйилгани, шунингдек, “Насаф” устозининг Тошкентга келишида муаммо юзага келмаслигини таъминлаш мақсадида 8 сентябрь санаси танлаб олинди. Бердиевнинг аккредитациясини қайтариш масаласи қўмиталар қароридан кейин ҳал этилади.    

Маълумот учун, ҳакамлар қарорига шикоят бериш тартиби Регламентнинг 14-бобида батафсил тушунтириб ўтилган. Гарчи “Насаф” жамоаси ҳакамлар бригадасига этика нормаларига зид равишда эътироз билдирган бўлса-да, клуб 14-боб бўйича расмий эътироз билан чиқмаган.

Маълумот учун, “Насаф” – “Локомотив” баҳсининг якунида темирйўлчилар футболчиси Кахи Махарадзенинг қўлига тўп тегиб кетди. Лекин, бош ҳакам қўл табиий ҳолатда деб топди ва VAR тизимидан фойдаланмади. Ўйин якунига етганидан сўнг майдонда “Насаф” футболчилари ва мураббийлари ҳакамлар бригадасига норозилик билдиришди. Учрашув дурранг натижа билан якунига етган.

Иброҳим Давронов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг