2 тонна наркотик ёқиб юборилди
Жамият
−
27 Июнь
3225Ўзбекистон бутун дунёни гиёҳванд моддалари билан таъминловчи асосий савдо йўлагида жойлашган мамлакатдир. Ўзбекистон жойлашган ушбу Шимолий йўналиш Афғонистондан Марказий Осиё республикалари орқали Қозоғистон ва Россия Федерациясига ўтади. Ушбу қора бозорда йилига 13 миллиард долларлик гиёҳванд моддалари сотилади.
Бугун, 26 июнь – Халқаро гиёҳванд моддалар истеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш кунида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 2 тоннадан ортиқ наркотик ва психотроп моддалар йўқ қилинди. Бу ҳақда қора дориларни ёқиб юбориш жараёнида бевосита қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази (Марказ) маълумотига кўра, республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан 2023 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 10 039 (8694) та ҳолат аниқланган. Бу ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 15,5 фоизга кўпдир. 2023 йил мобайнида жами 10 тонна 370 кг миқдордаги наркотик моддалар мусодара этилган. Булардан кўкнор – 8 тн 582,5 (138,3) кг, опий – 322,9 (387,3) кг, героин –101,8 (276,9) кг, гашиш мойи – 0,474 (0,298) кг, марихуана – 660,68 (753,01) кг, кокаин – 0,006 (0) кг, синтетик ва бошқа гиёҳвандлик воситалар (МДМА, метамфетамин, мефедрон, а-ПВП, ЛСД) – 78,6 (32,2) кг ва таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлган дори препаратлари – 1,24 (8,11) кг ҳиссасига тўғри келади.
“Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 2023 йилда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда 1 764 та наркожиноят фош этилди. Қарийб 942 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Шунингдек, 617 597 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда синтетик гиёҳвандлик воситаларининг савдоси ва истеъмоли ортиб бормоқда. Синтетик гиёҳвандлик воситалари асосан Россия, Қозоғистон, Туркия давлатларидан кириб келаётган бўлиб, бугунги кунда 70 кг дан ортиқ турли хилдаги дори воситалари ушланган”, дейди Давлат хавфсизлик хизмати ходими Маҳлиё Валиқулова.
Дунё қора бозорининг 95 фоиздан зиёдини наркотик билан таъминлайдиган қўшни Афғонистонда кўкнор ва опий етиштириш тақиқланганидан кейин Ўзбекистонга Афғонистондан кириб келадиган гиёҳвандлик моддалари улуши бироз камайган, аммо Россия ва Қозоғистон орқали олиб кириладиган синтетик воситалар ва психотроп дорилар миқдори кескин ошган.
“Бугун кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилинаётган гиёҳвандлик воситаларини тўхтатиб қолишда республикамиз божхоначиларининг ҳиссасини ҳам алоҳида таъкидлашимиз керак. 2023 йилда рекорд даражадаги гиёҳвандлик воситаларини тўхтатиб қолишда айнан божхоначилар ҳиссаси катта бўлди.
Афсуски, сўнгги йилларда психотроп моддалар ва синтетик воситалар истеъмоли ортиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Сурхондарё вилоятидаги божхона постларидан бирида шундай ҳолат кузатилдики, оғуфурушлар анор шарбати ичида психотроп дори кристалларини олиб ўтмоқчи бўлди”, дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, охирги 10 йилликда дунё бўйича наркотик моддалар истеъмол қиладиганлар сони 20 фоизга ошди.
“Гиёҳванд моддалар истеъмоли ва ноқонуний айланмаси бу жуда ҳам оғир муаммо. Бу бўйича нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиёда, балки бутун дунёда вазият оғирлашмоқда. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, охирги 10 йилда жаҳон бўйлаб наркотик истеъмол қиладиган одамлар сони 20 фоизга ошди. Бу 290 миллиондан ортиқ одамни ташкил қилади. Хавотирли томони, синтетик наркотиклар, масалан, метамфетамин ишлаб чиқариш ҳажми ўсди. Метамфетамин нафақат Марказий Осиё, балки Жанубий Осиё, Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари қора бозорини ҳам тўлдириб бормоқда. Бундан ташқари, янги моддалар ҳам кириб келмоқда ва наркотиклар бозоридаги мувозанат ўзгариб боряпти.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини 30 ёшга тўлмаган ёшлар ташкил этади. Уларнинг гиёҳвандликка берилиб кетишининг олдини олиш, профилактика ишларини олиб бориш учун Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси, чегара қўшинлари биргаликда ишлаши керак. Айниқса, ёш авлод билан бирга ишлаш энг муҳим профилактик тадбирдир. Ундан ташқари, тиббий хизмат сифати ва қамрови оширилиши керак. Чунки, гиёҳвандликка берилган одамларнинг атиги 7 дан 1 қисми тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга. Энг муҳим иш, наркотик истеъмолига қарши тарғибот ва ташвиқот ишларини кўпроқ олиб бориш керак”, дейди БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал.
LiveБарчаси