АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган томонидан Лос Анжелесга “оқизилган” наркотик моддалар тарихи
Таҳлил
−
16 Октябрь
9743XIX асрдаги мисли кўрилмаган иқтисодий ривожланиш, пайдо бўлганига эндигина 100 йил тўлган Америка Қўшма Штатларига бутун қитъа, жумладан Лотин Америкаси устидан қаттиқ назорат ўрнатиш ва минтақадаги мамлакатларнинг сиёсий ҳаётида “полиция” ролини ўйнаш имконини тақдим қилди. Аммо Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушидан кейинги сиёсий шароит уларга халқаро майдонда бошқарув жиловини янада маҳкам тутган ҳолда энди “полициячилик” қилиш масштабини бутун дунё бўйича ёйиш учун шароит яратди. Бу пайтга келиб Қўшма Штатлар бошқа мамлакатларнинг ишига бурун суқиш ҳолатлари одатий ҳолга айланиб, дунёнинг турли қисмларида прокси урушлар қўзғаш ва мавжуд ҳокимиятларни ағдариш Оқ уй учун деярли кундалик иш даражасига чиқди. АҚШ сиёсий архитектурасидан келиб чиққан ҳолда, албатта бундай сиёсий мақсадлар Конгресс ва Президент уюшқоқлигида амалга оширилиши талаб этиларди. Лотин Америкаси ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги ҳарбий амалиётлар шулар жумласидандир. Аммо қайсидир давлатнинг ички сиёсатига аралашиш ва у ерда иқтидорда турган элитани бошқа альтернативга алмаштириш бўйича Конгресс ва Президент маъмурияти бир-бирини ёқламаса, мазкур масала бўйича воқеалар ривожи қандай кечиши мумкинлиги жуда қизиқ. 1980 йилларда Рональд Рейган ҳокимият тепасига келганда АҚШ худди шундай ўта зиддиятли ва шунинг билан бирга қизғин сиёсий ўйинлар гирдобида қолди. Воқеа АҚШ ерларидан чамаси 2 минг км узоқда чойлашган Никарагуа билан содир бўлди. 1981 йилда ҳокимиятга келган Рональд Рейган ушбу давлатдаги янги элита тобора СССРга яқинлашиб, Куба каби антикапиластик муҳитни яратаётгани туфайли мавжуд ҳукуматни қулатишга киришади. Аммо маълум вақтдан сўнг Конгресс Рейганнинг режаларини барбод қилган ҳолда, Никарагуадаги мухолифатни молиялаштириш жараёнини блоклайди ва Рейган ўз мақсадини амалга ошириш йўлида бюджетдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бироқ, шундай бўлишига қарамай, у Никарагуа СССР этагига ёпишган иккинчи Кубага айланишига йўл қўймаслик керак деган фикрида қатъий турар ва ўз сиёсий режасини реализация қилиш учун унга янги молиявий оқим сув ва ҳаводек зарур эди. Қисқа вақт ичида шундай молиявий оқим манбаи топилади, аниқроғи Рейган томонидан ишлаб чиқилади. Бу ростманасига жиноят ҳисобланадиган ва ўта чиркин сиёсий режа бўлса-да, Рейган бу йўлдан фойдаланишга қатъий қарор қилади.
Никарагуани қўлдан бой бериш
1933 йилда Қўшма Штатлар ўз қуролли кучларини Никарагуадан олиб чиқиб кетади ва бу ердаги бошқарувни ўзи билан узвий алоқада бўлган Сомоза оиласига қолдиради. Сомоза Гарсия бошқаруви остидаги ҳарбий хунта амалда жуда заиф ва ташқи ёрдамга ипсиз боғланган эди. Сомозалар оиласининг 3 вакили, ота ва кейинчалик унинг икки ўғли 40 йилдан ортиқ АҚШ қўллови остида мамлакатни идора қилди. Мазкур диктатура йиллари қатағон, порахўрлик ва халқ манфаатларини суиистеъмол қилиш билан эсда қолди. 1972 йилда пойтахт Манагуа яқинидаги кучли зилзила Сомозалар ҳокимиятини кескин заифлаштирди. Шу йилдан бошлаб Никарагуа ташқи ёрдамга муккасидан кетди. Бу эса ўз ўрнида Сомозаларга мухолиф бўлганларнинг жонланишига олиб келди. Мамлакатдаги бу мухолифат гуруҳ сандинистлар эди. Гуруҳ ўз номини 1930 йилларда АҚШ оккупациясига қарши курашган Аугусто Сесар Сандинодан олган бўлиб, узоқ йиллардан буён Самозаларга қарши сиртдан курашиб келарди. Ижтимоий кайфият ёмонлаша бошлаган 1972 йилдан бошлаб, то 1978 йилгача сандинист партизанлари ва Самозани ҳимоя қилувчи Никарагуа Миллий гвардияси ўртасида кескин тўқнашувлар содир бўлди. Кескинлашувнинг ортиши ва боз устига 1978 йилда мухолифат газетаси муҳаррири Педро Хоакин Чаморронинг ўлдирилиши вазиятни тубдан издан чиқарди. Қўшма Штатлар кичик Сомозани бир неча бор мухолифатдаги кучлар билан консенсусга чақирди, аммо бундан ҳеч бир наф чиқмади. Никарагуадаги сиёсий беқарорлик АҚШ сиёсий доираларининг манфаатларига тўғри келмас, Сомоза ҳокимиятининг турган-битгани ортиқча харажат эди. 1979 йилда Қўшма Штатлар Сомозани қистовга олишни бошлади ва ўз талабларини бажармаганлиги туфайли Никарагуага кириб келадиган барча хорижий ёрдам пакетларини тўхтатди. Ўша йилнинг ёзида АҚШ президенти Жимми Картер номидан давлат котиби Сайрус Вэнс Сомозага мактуб йўллаб, ҳокимиятни мухолифатга тинч йўл билан топширишини қатъий талаб қилади. Шунингдек, мактубда Оқ уй Сомозага АҚШдан сиёсий бошпана бериш кафолатлари ҳам ваъда қилинганди. Орадан бир ой ҳам ўтмай, Сомоза Никарагуани тарк этади, бўш қолган иқтидор эса дарҳол сандинистлар томонидан эгалланиб, улар зудлик билан АҚШ томонидан тан олинади. Қўшма Штатлар сандинистларнинг ҳокимият тепасига келишини ҳаддан ортиқ оптимизм билан қарши олди. Расмий Вашингтон гуруҳнинг радикал фракцияларини жиловлай олишига ва уларни мўтадиллаштиришига ишонди. Аммо якунда барча тахмин ва ишончлар пучга чиқди. Сандинистлар ҳокимият тепасига келиши биланоқ АҚШдан масофа сақлаган ҳолда социалистик лагер томон юзланди. Сандинистлар Қўшма Штатлар томонидан таклиф қилинган ёрдам дастурларини қабул қилмади. Бунинг ўрнига улар коммунистик дунё манфаатларини ўзида акс эттириб, СССР ва унинг Америка қитъасидаги иттифоқчиси бўлган Куба томонга оғишди. Сандинистлар ҳокимиятни эгаллаганидан роппа-роса бир йил ўтиб, ҳукумат таркибини АҚШга қарши бўлган марксистлар билан тўлдира бошлади. Шу пайтдан бошлаб расман АҚШнинг биқинида социалистик дунёнинг минтақадаги Кубадан кейинги иккинчи вакили пайдо бўлди. Жимми Картернинг хатоси АҚШга жуда қимматга тушди. Аммо бу хато ортидаги бош оғриқларнинг катта қисми ҳали олдинда эди.
Конгресс ва Рейган қарама-қаршиликлари
АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) тез орада Нигарагуадаги сиёсий ўзгаришлар ҳақида жуда салбий эҳтимолларни башорат қила бошлади. Улар агар марксизм тарафдори бўлган сандинистлар минтақада мустаҳкам ўрнашиб, сиёсий майдонда муваффақият қозонгудек бўлса, бу Марказий ва Шимолий Американинг бошқа давлатларига экспорт қилинишидан жиддий хавотирланарди. Башарти шундай ҳодиса рўй берадиган бўлса, бу минтақадаги АҚШ гегемонлиги ва унинг таъсири ҳамда Ғарб манфаатларига рахна солиши турган гап эди. Никарагуа атрофидаги вазият жиддийлашиб бораётган пайтда АҚШдаги юқори расмий доиралар мазкур мамлакат устида кескин қарор қабул қилишни бошлади. 1981 йилнинг апрелида АҚШнинг янги сайланган президенти Рональд Рейган Никарагуани барча молиявий ёрдамлардан узди. Бу ҳам етмаганидек, уни иқтисодий санкциялар билан изоляциялаш орқали янги ҳукуматни танг аҳволда қолдиришни ҳам кўзлади. Аммо бу сандинистларни тўхтатиш учун етарли бўлмади ва Рейганни янада кескин қадамлар ташлашга мажбурлади. Йил охирига бориб Рональд Рейган маъмурияти Никарагуа масаласида янада агрессивлашди. 1981 йилнинг декабрь ойи бошларида Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Кейсига Никарагуа ҳукуматига қарши махсус операциялар ўтказиш бўйича махфий буйруқ берилди. Мамлакатни 2 йил олдин тарк этган Самоза оиласининг узоқ йиллик ҳимоячиси бўлган Миллий гвардия тузилмаси ходимларидан ташкил этилган Контрас гуруҳи бунда АҚШнинг асосий таянчига айланди. Шундай қилиб, Оқ уй Никарагуадаги анти-сандинист кайфиятдаги Контрасни тўлиқ шакллантириш билан бирга уни молиявий ва техникавий томондан қўллаб-қувватлай бошлади. Дастлаб Контрас инқилобдан кейин сандинистлар томонидан ағдарилган собиқ Сомоза режимининг республика гвардияси аъзоларидангина ташкил топган бўлса, кейинчалик, Марказий разведка бошқармасининг саъй-ҳаракатлари туфайли гуруҳ ёлланма партизанлар билан тўлдирилди ва МРБ томонидан махсус тайёргарликдан ўтказилади. Аммо бу пайтда Никарагуадаги қонуний ҳокимият ҳам ўз армиясини шакллантирар, унинг сафи эса борган сари кенгайиб борарди. Бу эса кўп эҳтимол Совет Иттифоқининг яширин кўмаги орқали рўй бераётган, Рейганнинг эса бунга ишончи комил эди. АҚШ 1981 йилда Контрасни тайёрлаш ва қуроллантириш учун зудлик билан 50 000, яъни ҳозирги ҳисобда тахминан 170 000 доллар маблағ ажратди. 1982 йилда Контраслар Никарагуадаги бир қанча стратегик объектларни портлатиш йўли билан йўқ қилди. Бундан кўзланган мақсад эса сандинистларни иқтисодий танг аҳволда қолдириш орқали уларни заифлаштириш эди. Аммо бу ҳаракат акс таъсир кўрсатди ва қийин шароитларда сандинистларни советларга янада яқинлаштирди. Никарагауда прокси исёнчи гуруҳни қўллаш орқали ҳукуматни тиз чўктириш борасида Рейган томонидан ишлаб чиқилган режа деярли иш бермаётганди. 1982 йил охирига бориб, АҚШ президенти учун вазият янада мураккаблашди. Конгресс Рейган маъмуриятининг сандинистларга қарши сиёсатига шубҳа билан қаради. АҚШ қонунчилари бу иш ортидаги сиёсий беқарорлик ҳидини сезишди. Улар Марказий разведканинг Никарагуадаги операциясидан кўзланган асл мақсад сандинистлар ҳукуматини ағдариш эканлиги ҳақидаги қатъий тўхтамга келишди. Конгресс 1983 йилги бюджет тақсимоти орқали Контрасни молиялашга халал беради. Аммо Рейган жамоаси Никарагуадаги оппозицияни қўллашда давом этиб, Лотин Америкаси ва Европа ҳукуматларини ҳам бунга жалб қила бошлади. АҚШ бу орқали Куба ва Совет Иттифоқининг Никарагуадаги таъсирини йўққа чиқаришда муҳим роль ўйнашига умид қилди. 1983 йилда эса Рейган ва АҚШ разведкаси Контраснинг исёнчилик руҳини жонлантириш мақсадида уни ҳарбий амалиётларга ўргатишни жадаллаштирди. АҚШ разведка хизмати МРБ Контрас учун иккита махсус қўлланма ишлаб чиқди. Биринчи йўриқнома 15 бетдан иборат бўлиб, гуруҳ лагерларидаги исёнчиларга тарқатилади. Унда асосан икки босқичли ҳаракатлар тактикаси ҳақида тушунча берилганди. Жумладан, сандинистлар ҳукуматига муаммо туғдирадиган фуқаролик урушларини қандай қилиб қўзғаш ҳамда Молотов коктейли каби қўлбола қуролларни яратиш, инструкция ва ёқилғи захираларига ўт қўйиш каби қўпорувчилик ҳаракатлари батафсил тушунтирилади. Иккинчи қўлланмада эса сандинистлар амалдорларига суиқасд қилиш, қўзғолон ва отишма ҳаракатларини қай йўсинда олиб бориш бўйича ишланмалар қайд этилганди. Барча саъй-ҳаракатлар Никарагуада эсаётган коммунизм шамолини даф қилиш учун олиб борилар, Рейган бунга эришиш учун бор кучи билан ҳаракат қиларди. Аммо 1984 йилга келиб АҚШ қонунчиларининг бир қатор чора-тадбирларидан сўнг Конгресс Контрасни молиялаштиришни мутлақо ноқонуний қилиб қўйди. Бу Рейган учун навбатдаги тўсиқ бўлса-да, уни тўхтатиш учун етарли кучли бўлмади. Рональд Рейган Никарагуа коммунистик дунё томонидан силлиқ тарзда оккупация қилинаётгани ва АҚШнинг ёнгинасида СССРнинг навбатдаги ҳарбий лагери пайдо бўлаётганига ич-ичидан ишонарди. Контрасни молиялаштиришда давлат бюджетидан маҳрум бўлган Рейган бошқа пул оқимларини қидирди. Тез орада жуда чиркин ва ноқонуний бўлса-да шундай манбалардан бири пайдо бўлди.
Қора дорига эшик очган АҚШ
МРБ 1984 йилда Контрасни молиялаштириш миқдори 20 миллион долларга яқин бўлиши ва ҳатто бу жараёнда қўшимча 15 миллион доллар ҳам жалб қилиниши мумкин деб ҳисоблайди. Энди ҳеч қандай 50 ёки 100 минг доллар эмас, балки бир неча 10 миллионлик нуқтагача чиққан бу сумма АҚШ Ниакарагуада гардкамига ўйнашни бошлаганидан далолат эди. 1984 йил ёзида Рональд Рейган, вице-президент катта Жорж Буш ва миллий хавфсизлик бўйича яна бир қатор маслаҳатчилар Никарагуадаги исёнчиларни қай йўл билан молиялаштириш мавзусини муҳокама қилишади. Бу жараёнда Рейган маъмурияти яширин ҳаракатлар учун кенг қамровли тартибларни ишлаб чиққан ҳолда, мазкур махфий фаолиятни амалга оширишни белгиловчи махфий қарор қабул қилади. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Роберт Макфарлейн, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосари адмирал Жон Пойндекстер, Миллий хавфсизлик кенгаши ходими полковник Оливер Норт ва бошқалар Контраларни молиялаштириш бўйича ноқонуний операцияни олиб боришга киришди. Контрасни молиялаштиришнинг асосий манбаи сифатида кокаин гиёҳвандлик моддаси савдосига мурожаат қилинди. Қанчалик ғалати бўлмасин, улар Контрас билан Жанубий Америкадан АҚШга кокаин олиб ўтиш режасини туздилар. Рейган маъмурияти Контрас томонидан кокаин савдосига кўз юмди ва гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланувчиларни ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳимоя қилди. Рейган жамоаси аъзоси бўлган Миллий хавфсизлик тизимидаги амалдор Оливер Норт кокаин контрабандасининг раҳнамосига айланди. Никарагуага қурол-яроғ олиб ўтган Америка самолётлари қайтишда ўзи билан кокаин олиб қайтишни йўлга қўяди. Кокаин билан тўлдирилган самолётлар АҚШ ҳудудига кириши билан Марказий разведка бошқармаси ва Миллий хавфсизлик тизимига тегишли бўлган ангарларга яъни учоқлар учун техник хизматлар кўрсатувчи объектларга қўнади. АҚШга контрабанда йўли билан олиб келинган гиёҳвандлик моддалари ўша пайтдаги маълум ва машҳур наркобарон Рики Росс орқали ички бозорга сиздирилади. Ҳукумат аралашган мазкур қора дори савдоси асосан Лос-Анжелесдаги энг камбағал ҳудудлардаги гиёҳвандларга сотилади. Ўша пайтдаги ҳукумат ва Рики Росс жиноий клани ўртасидаги келишув бўйича кўрилган фойда ҳақида ҳайратланарли суммалар очиқланади. Унга кўра, Росснинг кокаин империяси Лос-Анжелесда 24 соат ичида 3 миллион долларгача савдо қилган кунлари ҳам бўлган. Якунда эса Рейган ва наркобароннинг жиноий шерикчилик амалиётидан умумий ҳисобда 300 миллион доллар маблағ йиғилади. Бу бугунги курс бўйича 1 миллард доллардан ортиқ пул деганидир. Жиноий йўл билан орттирилган мазкур миллионлар Никарагуадаги Контрас исёнчиларига жўнатилиш орқали Рейганнинг сиёсий амбициялари учун сарфланади. Тез орада бир қанча АҚШ расмий доиралари мамлакатда урчиб кетган гиёҳвандлик моддалар савдосида Контраснинг излари борлигини пайқайди. Аммо унинг ортида президент тургани ҳали ҳеч кимнинг хаёлида ҳам йўқ эди. Бунга асосан иккита омилни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Биринчидан, Контрасни қуроллантириш учун тузилган Рейган бошчилигидаги бу жиноий режа жуда тор доираларда, бармоқ билан санарли инсонлар орасида ишлаб чиқилганди. Шу сабабли Марказий разведка хизмати мазкур контрабандада асосий ижрочи бўлса-да, МРБнинг барча қатлами ҳам бундан хабардор бўлмаганлик эҳтимоли юқори эди. Иккинчидан, Рейганда кокаин контрабандаси воқеаларидан олдин аллақачон ҳимоя шлеми мавжуд эди. Хусусан, у 1982 йилда ноқонуний гиёҳванд моддаларни АҚШ миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид деб эълон қилиб, ўз маъмуриятининг тақиқланган моддалар оқимини тўхтатиш қарори жуда қатъий эканини очиқлаганди. Шу билан бирга, Рейган маъмурияти гиёҳванд моддаларга қарши қаттиқ қонунларни қабул қилди. Бу эса кокаин атрофидаги ҳар қандай муносабатлар учун жазо чораларини бир неча ўн баробарга кучайтирди. Президентнинг мазкур ташаббуси унга қора дори савдосига қарши қалқон образини тақдим қилди. Аммо бу ердаги парадокс шуки, Рейганнинг кокаин савдосига қарши очган уруши, унинг бу савдони қўллаб-қувватлаши билан бир даврда параллел тарзда давом этарди. Энг қизиғи Рейган Никарагуа масаласига шу қадар шўнғиб кетганидан Контрасни қурол ва бошқа ёрдам билан таъминлаш учун бошқа пул оқимларини ҳам кўриб чиқиш даражасигача чиқади. 1985 йилда унинг бу масалада ўнг қўлига айланган Уилям Кейси ҳатто АҚШнинг ашаддий душманига айланган Эронга Америка қуролларини сотиш ва бу пулни Конгрессни четлаб ўтган ҳолда Контрасни молиялаштириш учун ишлатишга қарор қилди. Кокаин контрабандаси эса Рейганнинг президентлик мандати тугагунга қадар узлуксиз давом эттирилди. Рикки Россдан кейин улар бошқа каналларнинг хизматидан ҳам фойдаланди. Президент ва МРБ тандеми 1989 йилга қадар бу жиноий ҳаракатларни давом эттирди ва Никарагуадаги исёнчиларни тиш-тирноғигача қуроллантиришни канда қилмади. Якунда унинг режаси маълум маънода иш берди. 1990 йилда Рейган Оқ уйни тарк этганидан бир йил ўтиб, уруш ва иқтисодий депрессиядан толиққан ва асосий ҳамкори бўлган СССР фалажланиб жон таслим қилаётган маҳал сандинистлар сайловлардаги мағлубият билан Никарагуа бошқарувидан чекинди.
Рейган жиноят изларининг фош этилиши
90 йилларнинг бошида Рональд Рейганнинг жиноий ҳамкори, таниқли наркобарон Рикки Росс ҳибсга олиниб, суд томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аммо суд атрофидаги тергов жараёнларида барча ҳақиқатлар бирин-кетин очиқлана бошлади. Росснинг адвокатлари у томонидан Лос Анжелес кўчаларида сотилган кокаин Марказий разведка бошқармаси томонидан етказиб берилганини маълум қилади. Ўз ўрнида Марказий разведка бошқармаси бош инспектори Майкл Бромвич Рейган маъмурияти ўша пайтда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича федерал текширувларга тўсқинлик қилгани ҳақида гувоҳлик берганди. Рейган даврида қитъа бўйича тарқатилган гуманитар ёрдамларни етказиб беришда иштирок этган бир нечта контрагент корпорациялар текширилди. Далиллар эса бу жараёнда Контраснинг излари борлиги ва уларнинг АҚШ разведкаси билан биргаликда олиб кирган қора дорилари Лос-Анжелес кўчаларида тарқатилганлигига ишора қилади. 1996 йилда “Mercury News” нашрининг журналисти Гарри Уэбб "Dark Alliance" яъни “қоронғу иттифоқ” деб номланувчи серияли мақолалар тўпламини чоп этди. Мақолаларда 1980-йиллар давомида никарагуалик қора дори савдогарлари Лос-Анжелесда кокаиннинг улкан партияларини қандай қилиб бемалол сотгани ва бунга Марказий разведка бошқармаси нега кўз юмгани ҳақидаги сирлар батафсил ёзилади. Шунингдек, журналист Гарри Уэбб бу жараёнда Рейган маъмурияти наркотик дилерларни таъқибдан қандай ҳимоя қилгани ҳам қўшимча қилинганди. Уэббнинг сўзларига кўра, Марказий разведка бошқармаси наркодиллерга мамлакатга катта миқдорда гиёҳванд моддаларни олиб киришга рухсат берган, чунки олинган даромад Рейган томонидан қўллаб-қувватланган Контрасни молиялаштиришга сарфланган. Уэббнинг мақолалари АҚШ ҳукумати томонидан салбий қарши олинади, чунки бундай ифлос иш дунё миқёсида Вашингтон обрўсини ер билан битта қилиши тайин эди. Орадан кўп ўтмай Гарри Уэбб “Mercury News” билан хайрлашишга мажбур бўлди. Энг қизиғи у эркинлик, хусусан сўз эркинлиги намунаси бўлган Қўшма Штатларда ўзининг мазкур мақолаларидан кейин матбуот соҳасида бошқа кўриниш бермади. Гарри Уэбб ўз соҳасида иш тополмади, барча эшиклар у учун ёпилди. 2004 йилда у бошидан иккита ўқ жароҳати билан ўлик ҳолда топилди. Ўлимнинг расмий сабаби эса ўз жонига қасд қилиш дея қайд этилди. Уэббнинг оиласи унинг руҳиятида содир бўлган тушкунлик ва узоқ вақт иш топа олмаслиги, уни ўз жонига қасд қилишга ундаганига ишончи комил эди ва улар буни тасдиқлашди. Аслида эса сиёсий доираларнинг босими остида ҳаёти издан чиқарилган Гарри Уэббнинг ўлим ҳукми у томонидан ёзилган Рейган ва АҚШ разведкасининг жиноятлари фош этилган мақолаларида ўқиб бўлинганди. Аммо ачинарлиси шундаки, “қоронғи иттифоқ” яъни АҚШдаги ноқонуний кокаин савдосининг ташкилотчи ва ижрочилари, жумладан, Рональд Рейган ва унинг гумашталари сувдан қуруқ чиқди. Ҳатто уларнинг бу масаладаги энг яқин ҳамкори, 1996 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Рикки Росс ҳам 2009 йилда озодликка чиқарилди.
LiveБарчаси