“Нархоз” ўқитувчиси 4 минг доллар пора билан қўлга тушди
Жамият
−
12 Июль 6986 1 дақиқа
Тошкент ва Фарғона шаҳарларида олий таълим муассасаларига ноқонуний ўқишга киритиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кафедра ўқитувчиси ўзининг мансабдор танишлари орқали пойтахтлик фуқарони мазкур олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Фарғона давлат университетининг кафедра ўқитувчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали Фарғона шаҳрида яшовчи фуқарони бокс бўйича даражали унвони мавжудлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб, мазкур университетнинг ҳарбий таълим факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3800 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ўқитувчиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Live
Барчаси