“Нархоз”га 90 йиллигини нишонлаш учун 2,3 млрд сўм ажратилди

Жамият 3543
image

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 90 йиллигини нишонлаш учун ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қарийб 2,3 млрд сўм ажратилган. Бу ҳақда университет Матбуот хизмати раҳбари QALAMPIR.UZʼга маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур маблағлар университет 90 йиллигига бағишланган тадбирларнинг йил давомида ўтказилиши учун сарфланади. Хусусан, турли маҳаллий ва халқаро конференцияларни ташкил этиш, китоблар нашр қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари, профессор-ўқитувчилар, ҳамда ички-ходимларни рағбатлантириш, фаол талаба-ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш каби ишлар молиялаштиришнинг асосий қисмини ташкил этади.

Хабарга кўра, ҳаражатларнинг энг катта қисми (умумий харажатларнинг 80 фоизи)ни кредит-модуль тизими бўйича 238 номдаги янги ўқув адабиётни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ташкил этади. 

Шунингдек, “Тошкент давлат иқтисодиёт университети – 90 ёшда” номли ҳужжатли фильм тайёрлаш ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети юбилейи логотипини ишлаб чиқиш ҳам йиллик режага киритилган. 

“Қилинаётган харажатларнинг барчаси университетнинг нуфузини халқаро даражада ошириш, илмий салоҳиятини юксалтириш, ўқиш учун қулай муҳит яратиш, талабаларнинг ақлий қобилиятини ошириш каби комплекс чора-тадбирларга қаратилган", дейилади университет Матбуот хизмати хабарида.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 3.1
t
×