“Нархоз”да талабани ТТЖдан ҳайдаган тарбиячи ишдан бўшатилди

Жамият 6730
image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалар турар жойи тарбиячиси кечикиб келган талабани кечки вақтда ҳайдаб юборгани ҳақида хабар тарқалганди. Университет Матбуот хизмати ҳолат бўйича расмий маълумот бериб, тарбиячи педагог Жўрабек Болтаев лавозимидан озод этилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, кеча, 23 ноябрь куни тарбиячи педагог Жўрабек Болтаев соат 22:00 дан кейин талабалар турар жойига (ТТЖ) кечикиб келган талабалар билан ўз ваколати доирасида тушунтириш ишларини олиб бораётган вақтда Рақамли иқтисодиёт факультетининг 4-курс талабаси Нурмурод Маманов билан ўзаро гап талашиб қолган. Натижада талаба университет ТТЖдан чиқиб кетган.

Ушбу воқеадан хабар топган Ёшлар ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Садирдин Худойқулов, Рақамли иқтисодиёт факультети декани ўринбосари Давлатжон Бегматов, участка нозири Мирлазиз Миркомилов, университет ички қўриқлаш хизмати ходими Ортиқ Норқўзиев, тарбиячи педагог Абдуқаҳҳор Қудратхўжаев, Ёшлар агентлиги вакиллари зудлик билан талабалар турар жойига етиб келишган. Бўлиб ўтган воқеа ўрганилиб, талабани ТТЖга олиб келиб жойлаштирилган.

“Тортишувнинг асосий сабаби сифатида қайд этилган 200 минг сўм, талабанинг ўтган йилги талабалар турар жойида яшаганлиги учун қарздорлик бўлиб, ушбу пул маблағи университет ҳисобидан қопланган, ваҳоланки, асосий муаммо талабанинг ТТЖга кечикиб келиши билан боғлиқ бўлиб, тўлов ҳақида мунозара бўлмаган. Бундан ташқари, Нурмурод Маманов яшаган ижара хонадонининг сотилгани боис жойсиз қолгани ва талабалар турар жойида ўринлар чекланганлиги сабабли 10 кунга яқин Рақамли иқтисодиёт факультети декани ўринбосари Д. Бегматовнинг уйида яшайди. Озиқ-овқат билан таминланади, ғамхўрлик кўрсатилади. Декан ўринбосари Д. Бегматовнинг турар жойи торлик қилганлиги учун Университет қўшимча имкониятидан келиб чиқиб, янги талабалар турар жойи ишга туширилгани муносабати билан Н. Маманов бўшаган хоналарга жойлаштирилган, ҳозирда ордер олиш жараёнида бўлган”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу воқеадан сўнг, тарбиячи педагог Жўрабек Болтаев ўз ишига масъулиятсизлик қилгани учун лавозимидан озод қилинган. Талаба Нурмурод Мамановга ўз хизмат вазифасини бажараётган масъул ходимларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, ўзаро муносабатларда ноўрин ҳатти-ҳаракатлар содир этмаслик бўйича тушунтириш берилди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 285
Рейтинг: 3
t
×