“Наполи” президенти Де Лаурентис судга тортилди
Спорт
−
21 Ноябрь 992 1 дақиқа
Италиянинг “Наполи” клуби президенти Де Лаурентис Рим суди томонидан 2019, 2020 ва 2021 йиллардаги молиявий ҳисоботларни сохталаштиришда айбланмоқда. Шунингдек, Де Лаурентиснинг узоқ йиллик ҳамкори Андреа Чиавелли ва клубнинг ўзи ҳам судга тортилди. Бу ҳақда “Ansa” хабар берди.
Манбага кўра, клубнинг икки йирик трансфери, 2019 йилда “Рома”дан Костас Манолас ва 2020 йилда Виктор Осимҳенни “Лилль”дан “Наполи”га олиб келиш билан боғлиқ. Прокурорларга кўра, уларнинг баҳолари “Наполи”нинг молиявий аҳволини сунъий равишда яхшилаш учун оширилган.
Де Лаурентиснинг юридик гуруҳи қарорни “ажабланарли” деб атаб, айбловларни бекор қилишни талаб қилмоқда.
“Биз судьянинг қароридан бутунлай ҳайратда қолдик. Айбланувчиларни оқлаш учун барча асослар бор эди, чунки прокуратура, хусусан, Молиявий гвардия бухгалтерия ҳисобининг энг оддий тамойилларини ҳам бузган”, дея изоҳ берган Де Лаурентиснинг адвокати.
Суд жараёни бошлангач, Де Лаурентис ва “Наполи” молиявий масалалардаги айбловларга жавоб бериши кутилмоқда, аммо клубга спорт майдонида ҳеч қандай салбий оқибатлар кутилмайди. Тўлиқ суд жараёни 2026 йил 2 декабрда бошланиши белгиланган.