Намойишлар вақтида қочган собиқ Президент ватанига қайтди
Олам
−
03 Сентябрь 2022
10794Шри-Ланканинг собиқ президенти, қароргоҳи эгаллаб олинган норозилик намойишлари муносабати билан мамлакатни тарк этган Готабая Ражапакса оролга қайтди. Бу ҳақда “Ada Derana” хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Ражапакса 12 июль куни рафиқаси Иома ва икки хавфсизлик ходими билан ҳарбий самолётда Мальдив оролларига етиб келган. Кейинроқ Шри-Ланка ҳаво кучлари сиёсатчининг кетиши учун амалдаги ҳукумат талабига биноан ҳарбий самолёт тақдим этганини тасдиқлаган.
Икки кундан сўнг собиқ Президент Саудия ҳаво йўллари рейси билан Сингапурга йўл олди, дея хабар беради агентлик. Сингапур ҳукумати унинг яшаш учун рухсатномасини узайтирди, бироқ унинг муддати 11 августда тугади. Сингапур ҳукуматининг тушунтиришича, Ражапакса шахсий ташриф билан бўлган ва унга бошпана берилмаган. Сингапурда бўлганида Ражапакса истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди.
Сўнг собиқ Президент вақтинчалик бошпана сўраб Таиландга учиб кетди. Таиланд Ташқи ишлар вазири Дон Прамудвинаининг аниқлик киритишича, Ражапакса дипломатик паспортга эга бўлгани учун Таиландда 90 кун қолиши мумкин.
Шри-Ланкадаги тартибсизликлар 9 июль куни, намойишчилар Президент қароргоҳига бостириб кириб, кейинроқ ўша пайтдаги бош вазир Ранил Викрамасингенинг уйига ўт қўйиши билан авжига чиқди. Намойишлар иқтисодий инқироз туфайли баҳорда бошланганди.
15 июлда Ражапакса истеъфога чиққанидан сўнг Викрамасинге Президент вазифасини бажарувчи бўлди. У давом этаётган намойишлар туфайли икки марта фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий қилган. Ражапакса муддати тугамасдан нафақага чиққани сабабли, президент парламент томонидан сайланди. 20 июль куни Викрамасинге номзоди учун 225 депутатдан 134 нафари овоз берди. У 2024ьйилгача, яъни мамлакатда янги халқ сайловлари ўтказилгунга қадар лавозимда қоладиган бўлди.
LiveБарчаси