Намангандаги каналдан мактаб ўқувчисининг жасади топилди. Уни сувга келинойиси итариб юборган

Жамият 14821
image
-

Наманганда 22 яшар келин мудҳиш жиноятга қўл урди. У вояга етмаган жиянини қасддан сувга итариб юборган. Натижада мактаб ўқувчиси бўлган қизалоқнинг жасади воқеадан бир кун ўтиб каналдан топилган. Бу ҳақда Наманган вилоят прокуратураси хабар бермоқда

Гап шундаки, жорий йилнинг 5 апрель куни соат 19:00 да Наманган шаҳар “Соҳил” МФЙ, Бодомзор кўчасида яшовчи С.М. туман прокурори номига ариза билан мурожаат қилиб, Чортоқ тумани “Бағрикенглик” МФЙ Олмазор кўчаси 88-уйда яшовчи онаси Н.М.нинг қарамоғида бўлган, вояга етмаган фарзанди М.А. шу куни эрталаб мактабга кетиб, қайтиб келмаганини маълум қилган

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, вояга етмаган М.А.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, вояга етмаган М.А.нинг шубҳали бедарак йўқолишида уни қотиллик жинояти қурбони бўлган бўлиши мумкинлиги назарда тутилиб, туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йилнинг 6 апрель куни вояга етмаган М.А.нинг жасади Наманган шаҳар “Шербулоқ” МФЙдаги “Катта Наманган” канали устидан ўтган кўприк остининг сув оқими паст бўлган қисмидан, ташқи тан жароҳатларисиз топилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, вояга етмаган М.А.ни жорий йил 5 апрель куни соат 10:30 да келинойиси – 1999 йилда туғилган Ф.Қ. мактабдан олиб чиқиб кетгани ва Чортоқ тумани “Алишер Навоий” МФЙ Мирзо Улуғбек кўчасидан оқиб ўтган “Катта Наманган канали”га олиб бориб, сувга итариб юборгани аниқланган.

Шунга кўра, фуқаро Ф.Қ. жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 902
Рейтинг: 2.9
t
×