Наманганда вояга етмаган қизни зўрлаган эркак қидирилмоқда (видео)

3-саҳифа

image

Наманган вилояти Наманган шаҳрида вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган шахс қидирувга берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасида яшовчи 1989 йилда туғилган Ш.У. жорий йилнинг 1 апрель куни соат 23:30 ларда Бобур боғидан вояга етмаган қизни уйига олиб бориб қўйиш билан алдаб, номаълум манзилдаги хонадонга олиб борган. Унга зўрлик ишлатиб, номусига теккан. Ш.У.нинг жиноятга оид ҳаракатлари Бобур боғи ва атроф кўчалардаги кузатув камераларида акс этган. Шунингдек, ҳозирда жабрланувчининг кийимлари, баданидаги тан жароҳатлари ва зўрлик аломатлари юзасидан тегишли судга оид тиббий экспертизалар тайинланган.

Ҳолат юзасида Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят содир этишда гумонланган Ш.У.ни қўлга олиш махсус тадбири жараёнида оила аъзолари томонидан ходимларга фаол қаршилик кўрсатилиши оқибатида гумонланувчи яширинишга муваффақ бўлган.

Бундан ташқари, Ш.У. жорий йилнинг 27 март куни соат 12:30 ларда Наманган шаҳар Ёшлар мажмуаси ёнидаги чорраҳада велосипедда ҳаракатланиб кетаётган вақтида икки нафар ёш йигитларни ўзининг йўлини тўсганини баҳона қилиб, уларни уриб воқеа жойидан яширинган. 

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, фуқароларга ўртача оғир тан жароҳати ва енгил тан жароҳати етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам гумонланувчи Ш.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, гумонланувчи эпилепция касаллиги билан боғлиқ шахсиятнинг чуқур бузилиши, бирламчи генерализациялашган талваса хуружлари ташхиси билан Наманган вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси 3-мажбурий даволаш бўлимида назоратда турган. У муқаддам Жиноят кодексининг тегишли моддаларидаги бандлар билан беш маротаба судланган.

“Суратдаги фуқаро руҳий хасталиги ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканлигини инобатга олиб, уни учратган шахслардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда дарҳол 102 қисқа рақамига ёки яқин атрофдаги ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига хабар беришларини сўраймиз”, дейилади ИИВ хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ Наманган қидирув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг